Навальная Шольц билан Россиядаги сиёсий маҳбусларга ёрдам беришни муҳокама қилди

Олам

image

Жорий йилнинг февраль ойида Россиядаги қамоқхонада вафот этган россиялик мухолифатчи Алексей Навальныйнинг беваси Юлия Навальная бугун, 23 август куни Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц ва Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашди. Бу ҳақда турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг унинг ишини давом эттиришга қарор қилган Навальнаянинг ўзи Instagram саҳифасида маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари жамғармаси (Human Rights Foundation) раиси Юлия Навальнаянинг айтишича, у Шольц ва Бербокка россиялик сиёсий маҳбусларни озод қилишда иштирок этгани учун шахсан миннатдорлик билдириши муҳим эди.

“Биз кўпчилик учрашувларимизни Путиннинг гаровида қолаётганларга амалий ёрдам кўрсатишни муҳокама қилишга бағишладик. Ва бунда сизларга миннатдорлик билдирмоқчиман”, дейди Навальнийнинг беваси.

Маълумот учун, жорий йилнинг 1 август куни Совуқ уруш давридан бери Россия, Беларусь ва Ғарб давлатлари ўртасида энг йирик маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. 7 та давлатдан 26 маҳбусни алмашиш бўйича операцияга Туркия Миллий разведка ташкилоти воситачилик қилган. Разведка хизмати вакилларининг айтишича, алмашувда Россия, Беларусь, АҚШ, Германия, Польша, Словения ва Норвегия вакиллари иштирок этган. 10 киши Россияга жўнатилган, улардан икки нафари бола. Яна 13 киши Германияга, 3 киши АҚШга топширилган. Маҳбуслар Туркияга 7 та самолётда етказилган: улардан иккитаси АҚШдан, биттадан Германия, Польша, Словения, Норвегия ва Россиядан келган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 июль куни Россия Федерацияси Молиявий мониторинг федерал хизмати (Росфинмониторинг) мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлияни “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритганди. 12 май куни Навальная Тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатлик ишига улкан ҳисса қўшган шахсларга бериладиган Дрезден тинчлик мукофоти (Фриеденспреис Дресден) билан тақдирланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Навальная Шольц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг