НАТОга аъзо бўлиш шартсиз ҳуқуқ эмас – Туркия

Олам

image

НАТОга аъзо бўлиш альянсга қўшилишни хоҳловчи ҳар қандай давлатнинг сўзсиз ҳуқуқи эмас, балки тегишли мажбуриятларга эга бўлган имтиёздир. Бу ҳақда кеча, 17 июнь куни Туркия Президенти маъмуриятининг Оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фехриттин Алтун Брюсселдаги анжуманда маълум қилди. 

“Шуни унутмаслик керакки, НАТОга аъзо бўлиш ҳеч бир давлатнинг шартсиз ҳуқуқи эмас. Бу альянс тамойилларига содиқлигини намойиш этган мамлакатларга берилган имтиёздир. Шундай экан, ташкилотнинг янги аъзолари, кутилганидек, иттифоққа, аъзо давлатларнинг қонуний манфаатларига ва уларнинг хавфсизлигига зарар етказмаслиги керак”, дейди у. 

Унинг таъкидлашича, бу шартлар ҳозирда муҳокама қилинаётган кириш учун номзодлар ва келажакда альянснинг янги аъзолари учун минимал талаблардир ва бу талаблар бажарилиши керак. 

“Биз террористик ташкилотларга қарши қатъий позицияни эгалламаган, ҳужумларида кўплаб фуқароларимиз ҳалок бўлган мамлакатларнинг НАТОга қабул қилинишига ижобий муносабатда бўла олмаймиз. Бу Туркиянинг асосий позицияси ҳам НАТО ва унинг келажаги самарадорлигини сақлаб қолиш, ҳам Туркиянинг ўзига хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш нуқтаи назаридан жуда муҳим”, дейди Алтун. 

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг