НАТО Вильнюс саммитида янги минтақавий мудофаа режаларини тасдиқлайди
Олам
−
07 Июнь 2023
3550НАТО Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитда янги минтақавий мудофаа режаларини тасдиқлайди. Бу ҳақда бугун, 7 июнь куни Вашингтондаги Янги Америка хавфсизлиги марказида бўлиб ўтган семинарда сўзга чиққан АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Жулианна Смит маълум қилди.
“Айниқса, жиловлаш ва мудофаа нуқтаи назаридан биз янги минтақавий режаларни ишлаб чиқамиз. Бу муҳим, чунки биз НАТО ҳудудининг ҳар бир дюймини ҳимоя қилиш режаларига эга бўламиз. Шунингдек, улар кибермакон каби кўплаб соҳаларни қамраб олади ва бизда асл режалар билан биргаликда янги қўмондонлик ва бошқарув тузилмаси пайдо бўлади”, дейди дипломат.
Мазкур тадбирда қатнашган НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитдан сўз очган. Унинг айтишича, мазкур саммитда барча иттифоқчилар Украина альянсга аъзо бўлишига рози бўлади.
Шунингдек, Столтенберг, ҳозирги устувор масала Украинанинг НАТОга кириши эмас, балки Россия билан бўлган можарода ушбу давлатнинг ғалаба қозониши эканини ҳам таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 май куни Копенгагендаги “Демократия саммити”да ҳам Йенс Столтенберг Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитда альянс аъзоларидан Украина иттифоққа қўшишга рози бўлишини кутишини билдирганди. Ўтган ҳафта Осло (Норвегия)да бўлиб ўтган НАТО Ташқи ишлар вазирлари учрашувида эса Украинага алоҳида мақом берилиши айтилди.