НАТО саммитида 24 давлат етакчилари “Украина шартномаси”ни имзолади
Олам
−
12 Июль
6423Вашингтондаги НАТО саммити доирасида “Украина шартномаси” деб номланган ҳужжат қабул қилинди. Уни имзолаган раҳбарлар ташаббуслар тўпламини амалга оширишга ваъда берди. Ҳужжат матни Европа Комиссиясининг веб-сайтида эълон қилинди.
Ҳужжатни жами 24 давлат Президентлари ва Бош вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи раҳбарлари имзолаган. Мамлакатлар “келажакда Россия ҳужуми” содир бўлган тақдирда юқори даражада учрашишга ва Украинани қўллаб-қувватлашни муҳокама қилишга ваъда берди.
Ҳужжатни АҚШ, Бельгия, Канада, Чехия, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Исландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Словения, Испания, Швеция, Буюк Британия ва Украина, шунингдек, Европа кенгаши ва Европа комиссияси раҳбарлари имзолади.
НАТО таркибига 32 давлат киради. Япония иттифоққа аъзо бўлмаган давлатлар рўйхатидаги ягона давлатдир. Ҳужжатни имзоламаган НАТО давлатлари орасида Албания, Болгария, Венгрия, Греция, Шимолий Македония, Руминия, Словакия, Туркия, Хорватия ва Черногория бор.
Мактубнинг ўзида уни имзолаган давлатлар сони бўйича тафовутлар бор: биринчи хатбошида Украинадан ташқари 21 та давлат, иккинчисида 20 та давлат, матн охирида эса Украинадан ташқари 23 та давлат кўрсатилган.
“Бугун биз қўшма декларацияда (НАТО саммитида) ҳамда имзолаган томонларнинг ҳар бири тузган хавфсизлик келишувлари ва шартномаларида белгиланганидек, Украинанинг кенг қамровли хавфсизлик эҳтиёжларини қондириш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш ва тезлаштириш учун Украина шартномасини эълон қиламиз”, дейилади Европа комиссияси сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Имзоловчилар Украинани “Россия агрессиясини енгмагунича” қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Томонлар ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлган эркин, мустақил, демократик ва суверен Украинага содиқликларини эълон қилди.
Бундан ташқари, улар Украинанинг Евро-Атлантика интилишлари учун муҳим бўлган демократияни мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини ҳурмат қилиш билан боғлиқ ислоҳотларга содиқлигини қайд этди.
Умуман олганда, шартнома имзолаган томонларнинг учта мажбуриятини белгилайди.
- Биринчиси – мудофаа ва хавфсизлик соҳасида Украинани қўллаб-қувватлаш.
- Иккинчиси – мудофаа ва олдини олиш қобилиятини қўллаб-қувватлай оладиган “келажак кучларини” яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш.
- Учинчиси – “ҳозирги жанговар ҳаракатлар тугагандан сўнг Россия томонидан келажакда Украинага қуролли ҳужум уюштирилса, Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги қадамларни аниқлаш учун зудлик билан ва биргаликда энг юқори даражада йиғилиш”.
Тахминларга кўра, “келажакда ҳужум” содир бўлган тақдирда, Украинага хавфсизлик бўйича ёрдам кўрсатилади ва Россияга қарши чекловлар қўйилади.
LiveБарчаси