НАТО Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўрмоқда – “Politico“
Олам
−
12:42 651 4 дақиқа
НАТО Россия билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашув юз берган тақдирда зарур бўладиган қўшинлар ва қурол-яроғ масаласини муҳокама қилишни бошламоқда. Альянсга аъзо давлатлар 2029 йил учун мудофаа салоҳиятига оид мақсадли кўрсаткичларни белгилашни режалаштирган. Бу ҳақда манбаларига таяниб “Politico“ хабар берди.
Нашрнинг НАТОнинг амалдаги ва собиқ 15 нафар расмийси билан суҳбатлари асосида ёзишича, альянс Россия билан эҳтимолий можаро олдидан бешта муҳим масалани ҳал қилиши керак.
Биринчидан, НАТО давлатлари эҳтимолий уруш юз берган тақдирда қанча қўшин ва ҳарбий имкониятларни ишга солишга тайёрлигини белгилаши керак. Бунда нафақат йирик ҳарбий операциялар учун зарур кучлар, балки альянс ҳудудидан ташқарида кичикроқ инқирозларни бошқариш учун мўлжалланган 18 та захира бригадага эҳтиёж ҳам муҳокама қилинади. Шунингдек, сунъий интеллект ва ер усти роботлари каби янги технологияларни ҳарбий режаларга жорий этиш ҳамда ядровий қуролга эга АҚШ ва Буюк Британияни анъанавий ҳарбий кучлар билан қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилади.
Иккинчидан, АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштироки қисқартирилган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган бўшлиқни қандай тўлдириш масаласи турибди. Вашингтон стратегик бомбардимончи ва қирувчи самолётлар, дронлар, сувости кемалари ҳамда ҳарбий кемалар каби воситаларни НАТО фойдаланиши мумкин бўлган кучлар таркибидан чиқаришни бошлаган. Пентагоннинг декабрь ойида эълон қилиниши кутилаётган ҳисоботи эса Европага зарур бўлган оғир юк ташувчи самолётлар каби бошқа имкониятлар ҳам қисқартирилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда. Шу сабабли иттифоқчилар АҚШ ўрнини қандай тўлдириш ва мудофаа харажатларини ўзаро қандай тақсимлаш масаласини ҳал қилиши керак. Таклифлардан бири муайян қурол турларини талаб қилиш ўрнига, давлатларга аниқ ҳарбий вазифаларни бажариш бўйича мақсадлар белгилашдир.
Учинчидан, НАТО ичида турли минтақаларга бериладиган устуворликлар бўйича келишмовчиликлар мавжуд. Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин альянснинг эътибори шарқий йўналишга қаратилди. Сўнгги бир йил ичида эса Арктикадаги хавфсизлик масалалари ҳам муҳим ўрин эгаллади. Бироқ айрим иттифоқчилар НАТОнинг жанубий ва жануби-шарқий қанотларига ҳам кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини таъкидламоқда. Бу ҳудудларда Ливиядаги Россияга алоқадор ёлланма жангчилар, миграциядан қурол сифатида фойдаланиш эҳтимоли, сувости кемалари фаоллигининг ортиши ҳамда Қора денгиздаги кемаларга дронлар билан ҳужум қилиниши каби таҳдидлар мавжуд.
Тўртинчидан, НАТО дронлар ва бошқа учувчисиз тизимларга сармояни ошириш билан бирга, танклар ва артиллерия каби анъанавий ҳарбий техникаларни ривожлантириш ўртасидаги мувозанатни белгилаши керак. Украинадаги уруш дронларнинг замонавий жанг майдонидаги аҳамиятини кўрсатди. Шу боис Буюк Британия учувчисиз сувости аппаратларини ҳам ўз ичига олган аралаш флотни ривожлантирмоқда, Франция дронлар ва нишонга урилишидан олдин ҳавода айланиб турадиган ўқ-дорилар учун қарийб 8,4 миллиард евро ажратган, Германия эса келаси йили дронларга ихтисослашган биринчи полкини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бунда Европа давлатларида ҳарбий хизматчилар етишмаслиги ва Россиянинг технологик ривожланишига ортиқча харажатларсиз жавоб бериш зарурати ҳам ҳисобга олинади. НАТО расмийларидан бирининг айтишича, Россия йилига 9 миллион дона дрон ишлаб чиқаради.
Бешинчидан, НАТО давлатлари Украинадаги уруш тажрибасидан қандай фойдаланиш масаласини ҳал қилиши керак. Украина дронлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракеталар ва жанговар ҳаракатларни бошқариш технологияларини ривожлантириш борасида катта тажриба тўплаган. Шу сабабли айрим НАТО давлатлари Украина билан ҳарбий ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш тарафдори. Бироқ бошқа давлатлар Украинадаги уруш шароитлари НАТОнинг ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш тамойилларидан фарқ қилишини таъкидламоқда. Альянснинг ҳарбий тамойиллари қўшинларнинг тезкор манёврлари, ҳавода устунликни қўлга киритиш ва узоқ масофадан юқори аниқликдаги зарбалар беришга асосланади. Шу боис Украина тажрибасини ўрганиш билан бирга, унинг қайси жиҳатларини НАТОнинг келажакдаги ҳарбий режаларида қўллаш мумкинлигини аниқлаш ҳам муҳим ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда НАТО давлатларидан бирига чекланган ҳужум уюштириб, альянснинг қатъиятини синаб кўриши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси