НАТО кучларининг чегаралар яқинида тўпланиши бутун ташкилот учун хавф – КХШТ

Олам

image

НАТОнинг қўшни ҳудудларда ҳарбий фаоллигини ошириши нафақат Беларусь ва Россияга таҳдид солади,  балки бутун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ – ОДКБ) хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда бугун, 9 февраль куни ташкилот бош котиби Станислав Зас “Валдай” халқаро мунозара клубининг “Янги даврда коллектив хавфсизлик: КХШТ тажрибаси ва истиқболлари” конференциясида айтиб ўтди. 

“КХШТ масъулият зонасининг ғарбий чегараларида НАТО ҳарбий гуруҳлари сезиларли даражада ошгани, қўшни ҳудудларда ҳарбий инфратузилманинг ривожланиши кузатилмоқда. Ҳарбий фаоллик кучаймоқда, аслида бутун минтақани ҳарбийлаштириш. Бу давом этмоқда. Бу нафақат Беларусь ва Россияга таҳдид солади, балки бутун ташкилотимиз, бутун КХШТ хавфсизлигига салбий таъсир қилади”, дейди у 

“Буни бутун ташкилот номидан айтишга жасоратим бор, чунки КХШТни 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясида айнан шундай ёзилган”, дея қўшимча қилди Зас. 

Унинг сўзларига кўра, Россия ташаббуслари ва Москванинг Ғарб ҳамкорлари билан хавфсизлик бўйича олиб бораётган мураккаб музокаралари КХШТ манфаатларига мос келади.

Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Россия агрессиясига қарши олдиндан кўрилган чора сифатида АҚШ Польшага расман ўз қўшинларини киритди.

Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди. 

Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган. 

Бошқа томондан Россия, Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ

Баҳолаганлар

189

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг