НАТО Хитойга қарши курашиш учун миллиард доллардан кўпроқ сарфламоқчи
Олам
−
25 Сентябрь 2023
4645НАТО инновацион жамғармаси блокнинг технологик имкониятларини мустаҳкамлаш ва Хитойга қарши курашиш учун мудофаа стартапларини ривожлантиришга 1 миллиард евро (1,1 миллиард АҚШ доллар) ажратмоқчи. Лойиҳада альянснинг 23 давлати аллақачон иштирок этяпти. Бу ҳақда “Financial Times” хабар беради.
НАТО Бош котиби ёрдамчиси Дэвид ван Вилга кўра, альянсда, айниқса Европада юқори технологияли ечимларни ишлаб чиқиш учун венчур капитали етишмайди.
“Биз ушбу компаниялар сармоя қидириб хитойлик инвесторларга бормасликлари учун кўпроқ капитал тақдим қилмоқчи эдик”, дейди у.
Ван Вилнинг сўзларига кўра, блокнинг 23 та давлати ўтган йили яратилган 1 миллиард евро жамғарманинг иштирокчисига айланган, бироқ Қўшма Штатлар ҳали ҳам бу ташаббусга қўшилмаган.
Манбага кўра, Нидерландияда жойлашган жамғарма сунъий интеллект, шунингдек, космик ва биотехнологиялардан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни ишлаб чиқишга ихтисослашган. У ҳарбий қуролларни яратиш ва ишлаб чиқариш учун стартапларга сармоя киритишни назарда тутмайди. Жамғарманинг билдиришича, мазкур лойиҳанинг асосий йўналиши янги технологияларни жорий этиш ва альянсга аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирликлари ўртасида алоқаларни ўрнатишга қаратилади.
Жорий йилнинг август ойи бошида Швеция ҳукумати альянсга расман қўшилганидан кейин НАТО инновацион жамғармасида қатнашиш ниятини эълон қилди. Ҳукумат маълумотларига кўра, қиролликнинг жамғармага қўшган ҳиссаси 1 миллиард еврони ташкил қилади.