“Насаф” бугун Элит Чемпионлар лигасидаги юришини бошлайди
Спорт
−
15 Сентябрь 6036 2 дақиқа
Бугун, 15 сентябрь куни Қаршининг “Насаф” клуби ОФК Элит Чемпионлар лигаси мусобақасидаги юришини бошлайди. Ўзбекистон клуби Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли” жамоасига қарши ўйнайди.
Элит Чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган “аждарлар” Саудия Арабистонининг энг кучли жамоаларидан бири билан куч синашади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан 23:15 да бошланади. Ўйин Саудия пойтахти Жиддадаги “Подшоҳ Абдулла” стадионида ўтказилади.
“Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматов кеча, 14 сентябрь куни “Ал Аҳли”га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди.
“Биз Осиё Чемпионлар Лигаси Элит мусобақасидамиз. Эртадан мусобақадаги юришимизни бошлаймиз. Рақибимиз “Ал Аҳли” кучли таркиб ва катта салоҳиятга эга жамоа. “Насаф” учун бу каби турнирда қатнашиш янгилик эмас, биз илгари ҳам “Ал Аҳли” даражасидаги кучли рақибларга қарши майдонга тушганмиз. Жамоамиз ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга қодир. Эртанги ўйинга тўлиқ тайёрмиз, йигитларнинг ҳам кайфияти яхши. Албатта, ижобий натижа учун бор кучимизни сафарбар қиламиз”, деди у.
Шунингдек, Рўзиқул Бердиев мусобақанинг амалдаги чемпионига қарши ўйинга қандай тайёрлангани ҳақидаги журналистларнинг саволга жавоб берди.
“Юқорида ҳам айтиб ўтдим, рақибимиз жиддий жамоа — мусобақа чемпиони. Яқинда Саудия Арабистони Суперкубогини ҳам қўлга киритди. Бу уларнинг кучи ва салоҳиятидан далолат беради. Биз тайёргарлик жараёнини шунга яраша олиб бордик. Ишонаманки, эртанги натижа ҳам ижобий бўлади”, дейди у.
Маълумот учун, “Насаф” жамоасининг ОФК Элит Чемпионлар лигасидаги расмий тақвими билан танишинг:
- 1-тур – 15 сентябрь. “Ал-Аҳли” – “Насаф” (сафарда);
- 2-тур – 29 сентябрь. “Насаф” – “Ал-Ҳилол” (уйда);
- 3-тур – 21 октябрь. “Шабаб ал-Аҳли” – “Насаф” (сафарда);
- 4-тур – 3 ноябрь. “Насаф” – “Ал-Ваҳда” (уйда);
- 5-тур – 24 ноябрь. “Насаф” – “Трактор” (уйда);
- 6-тур – 23 декабрь. “Ал-Иттиҳод” – “Насаф” (сафарда);
- 7-тур – 9 февраль. “Насаф” – “Аш-Шорта” (уйда);
- 8-тур – 16 февраль. “Шаржа” – “Насаф” (сафарда).