NASA марсоходи Марсдаги сирли қояларни суратга олди
Бу қизиқ
−
15:19 1011 2 дақиқа
NASA’нинг Curiosity марсоходи Марсдаги шамол таъсирида шаклланган ғайриоддий қояларни эрталабки табиий ёруғликда суратга олди. Бу ҳақда “Naked Science” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, панорама жорий йилнинг 11 август куни марсоходнинг Mastcam камераси орқали олинган. У олтита алоҳида тасвирни бирлаштириш орқали яратилган. Суратни қайта ишлашда оқ балансдан фойдаланилмагани сабабли Марс манзарасининг эрталабки табиий кўринишини сақлаб қолишга эришилган.
Тасвирда олд қисмдаги кўкимтир туслар ва уфқда жойлашган қоялар яққол кўринади. Ушбу қоясимон тузилмалар шамол эрозияси таъсирида шаклланган.
Маълум қилинишича, қоялар қатлами Шарп тоғининг шимоли-ғарбий қисмида қарийб 16 километр масофага чўзилган. Баландлиги тахминан 5 километр бўлган ушбу тоғда Curiosity марсоходи 2014 йилдан буён тадқиқот олиб бормоқда. Яқинда марсоходнинг ҳаракатланиш йўналишидаги баландлик фарқи бир километрга етган. Бу Марсдаги марсоходлар эришган энг катта баландлик кўрсаткичидир.
Олимлар ярдангларга яқинлашган сари уларни янада яқиндан суратга олиш ва ғайриоддий тузилмалар қандай шаклланганини аниқлашни режалаштирмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Шарп тоғидаги турли қатламлар Марснинг қадимги тарихи, жумладан, сайёрада мавжуд бўлган кўллар ва сув оқимлари ҳақида маълумот беради.
Вақт ўтиши билан сув қуриб, тузли минералларни қолдирган. Кейинчалик шамол тоғдаги айрим қатламларни емириб, ярдангларнинг шаклланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ҳозирда Curiosity ўзининг бешинчи кенгайтирилган миссиясини амалга оширмоқда. Келгуси даврда марсоход сульфат ва карбонатларга бой қатламларни ўрганади. Бу минераллар Марс сирти қадимда қуриб борганидан далолат бериши мумкин.
Олимлар 2027 йил давомида марсоход қоялар жойлашган ҳудуднинг асосига етиб боришини кутмоқда. У ерда Curiosity роботлаштирилган қўли ёрдамида ушбу сирли геологик тузилмаларни бевосита ўрганиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Spirit” марсоходи томонидан 2007 йилда олинган Марс юзасининг сурати интернетда вирусли тарзда оммалашганди. Унда фойдаланувчилар одамга ўхшаш сирли фигурани пайқаб қолгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь