“Нархоз”даги озодлик “мутлақ озодлик эмас”лиги маълум бўлди
Жамият
−
22 Ноябрь 2019
7813Аввалроқ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети жорий йилнинг 25 ноябридан бошлаб 5 кунлик таълим тизимига ўтгани, университетда мавжуд бўлган қатъий форма ҳам бекор қилинган ҳақида хабар берган эдик. “Нархоз” матбуот котиби ижтимоий тармоқларда тарқалган шов-шувдан кейин озодлик “мутлақ озодлик эмаслигини” айтиб чиқди. Жумладан, у шундай деб ёзади:
“Ҳақиқатан ҳам, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2019 йил 25 ноябрдан бошлаб беш кунлик таълим тизимига ўтиш белгиланган. Бунда талабалар ҳафтанинг 5 куни давомида назарий билимларни эгаллашса, ҳафтанинг шанба кунида мустақил таълим билан машғул бўладилар”.
ТДИУдаги янги тартиблар ҳақида илк бор “Халқ сўзи” нашри ёзган эди. Матбуот котиби ушбу нашр хабарига эътироз билдириб шундай дейди:
“Шу ўринда айтиб ўтишни жоиз деб биламизки, “Халқ сўзи” ва унинг қандайдир манбасига таяниб берилган маълумот нотўғри талқин этилган. Хабардан англашиладики, энди талабалар учун шанба ва якшанба кунлари дам олиш экан (фақат якшанба дам олиш куни, шанба мустақил таълим куни).
Шунингдек, хабарда университетдаги кийиниш тартиби ҳақида ҳам ўринсиз ёндашув мавжуд. Тўғри, талабаларнинг кийиниши бўйича эркинлик берилди. Аммо университет жамоатчилик кенгаши ва талабалар томонидан маъқулланган ички тартиб-қоидаларига риоя қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилмоқда. Албатта, бунда талабалик одобига риоя қилган, таълим даргоҳи – маданият ўчоғи эканлигини ёддан чиқармаган ҳолда кийиниш тавсия этилмоқда. Бу ўз навбатида, “Халқ сўзи” таъбири билан айтганда, “университет талабаси исталган кийимда ўқишга келиши ва дарсларда иштирок этиши мумкин” дегани эмас.
Бундай хабарларни тарқатишдан аввал расмий шахслардан, жумладан, университет матбуот котибидан (+998974404504 телефон рақами орқали) маълумот олиш ўринли бўлар эди”.