Нарендра Моди Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

Жамият

image

Ҳиндистон Бош вазир Нарендра Моди Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Бу ҳақда ANI хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов шу кунларда Ҳиндистонга амалга оширган тўрт кунлик сафари Бош вазир Нарендра Модининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифига тайёргарлик кўришга қаратилганини айтиб, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этган.

Жорий йилнинг 3 август куни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан делегациялар даражасидаги музокаралар чоғида Саидов Ҳиндистон раҳбарияти билан ўтказилган муҳокамалар икки томон ўртасидаги мунтазам мулоқотнинг давоми бўлиб, стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилганини айтган.

“Биз атиги 10 кун олдин телефон орқали жуда кўп нарсаларни муҳокама қилган эдик ва, албатта, менинг ажойиб мамлакатингизга ташрифим... Мен шуни айтган бўлардимки, биз Бош вазирининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида ушбу учрашувларни ўтказиш, кўришиш ва суҳбатлашишга келишиб олган эдик”, дейди Саидов ўз нутқида.

У ушбу ташрифни икки мамлакат ўртасидаги мулоқотнинг “амалий давоми” деб атаган ва иккала томон ҳам халқаро платформалар ҳамда тадбирлардан мулоқотни мустаҳкамлаш имконияти сифатида изчил фойдаланиб келаётганини қўшимча қилган.

“Айтишим мумкинки, бу бизнинг доимий мулоқотимизнинг амалий давомидир, худди илгари бўлганидек ва биз доимо ҳар қандай имкониятдан – халқаро платформа ва умуман тадбирлардан фойдаланамиз. Шахсан менга ва бутун делегациямизга берилган махсус топшириқ – мен таъкидлаб ўтганимдек, Бош вазирининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш учун мамлакатингизга ташриф буюришдир”, дейди вазир.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, шунингдек, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларга янги суръат бағишлаш учун имконият эканини айтган.
 
“Бу мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга туртки бериш учун яна бир имконият ва имкондир”, дейди у.

Ҳиндистонни ишончли ҳамкор деб атаган Саидов Нью-Деҳли Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёдаги энг муҳим стратегик ва савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолишини таъкидлаган.

“Ҳиндистон, шубҳасиз, ишончли ҳамкор ва Жанубий Осиёдаги энг муҳим стратегик ва савдо ҳамкоримиздир”, дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 2 августдан 5 августгача бўлган даврда Ҳиндистонда юқори даражадаги расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Жорий йилнинг 3 август куни Саидов ташриф доирасида Раштрапати-Бхаванда мамлакат Президенти Друпади Мурму билан учрашди, шундан сўнг Ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ТИВ раҳбарлари Саидов ва Жайшанкар ўртасидаги музокаралар чоғида стратегик шериклик ҳолати атрофлича кўриб чиқилган, энергетика, инфратузилма, мудофаа ва савдо каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилган. 

“Дўстим, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашганимдан жуда хурсандман. Энергетика, инфратузилма, савдо, мудофаа, таълим ва маданият соҳаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда Стратегик шериклигимизни атрофлича кўриб чиқдик”, деб ёзди Жайшанкар X ижтимоий тармоғидаги постида. 

Томонлар, шунингдек, минтақавий асосий муаммоларни муҳокама қилишди ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бахтиёр Саидов Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг