Намойишлардан сўнг Эрдўған Билги университетини ёпиш ҳақидаги қарорини бекор қилди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулдаги хусусий Билги университетини ёпиш ҳақидаги фармонни талабалар норозилигидан кейин бекор қилди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Университет фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор 21 май куни имзоланган бўлса, уни бекор қилувчи янги фармон 24 май куни Туркия ҳукуматининг расмий газетасида эълон қилинган.

Расмийларга кўра, либерал қарашлари билан танилган университетни ёпиш қарори мамлакатнинг олий таълим тўғрисидаги қонунининг 11-моддаси асосида қабул қилинган. Мазкур норма университетлараро кенгаш фаолиятини тартибга солади. ОАВ эса қонунда таълим сифати етарли бўлмаган хусусий олийгоҳларни ёпиш имконияти ҳам назарда тутилганини ёзмоқда.

Талабаларни давлатга қарашли Мимар Синон номидаги Тасвирий санъат университетига ўтказиш режалаштирилган эди. Шунингдек, Билги университети таъсисчи жамғармаси ташқи бошқарувга топширилгани ҳам айтилган.

Университетни ёпиш қарорини бекор қилдиришга талабалар ва айрим ўқитувчиларнинг уч кун давом этган оммавий норозилик намойишлари сабаб бўлди. 24 май куни университет кампусидаги митингларда мингга яқин киши қатнашган. Ўнлаб талабалар университет биносини эгаллаб олган, кейинчалик уларни полиция олиб чиққан.

Британиянинг BBC корпорациясининг турк хизмати ёзишича, Билги университетини ёпиш қарори 2025 йил сентябридан бери Истанбулдаги йирик компанияга қарши олиб борилаётган фирибгарлик ва солиқдан бўйин товлаш иши доирасида қабул қилинган. 120 дан ортиқ компанияни бирлаштирган ҳолдинг 2019 йилдан буён университет ҳомийси бўлиб келган.

1996 йилда ташкил этилган Билги университетида ҳозир 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Олийгоҳда саккизта факультет ва 150 дан ортиқ таълим дастури мавжуд. Университет Европа Иттифоқининг “Erasmus” талабалар алмашинуви дастурида ҳам иштирок этади.

Бу Туркияда университет ёпилиши билан боғлиқ биринчи можаро эмас. 2020 йилнинг июнь ойида Эрдўған фармони билан собиқ бош вазир Аҳмет Довутўғли билан алоқадор Истанбул Шаҳар университети ҳам ёпилган эди.

Ўшанда расмийлар университет молиявий муаммолар сабаб фаолиятини давом эттира олмаслигини билдирган. Талабалар эса Мармара университетига ўтказилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Билги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг