Наманганда йўловчи 108 млн сўмлик олтинни майиз ва ёнғоқ орасига яширди
3-саҳифа
−
14:40 651 1 дақиқа
Наманган аэропорти орқали Ҳиндистонга учиб кетмоқчи бўлган йўловчининг юклари орасидан қиймати 108,5 миллион сўмлик заргарлик буюмлари топилди. Улар майиз ва ёнғоқ аралашмаси солинган пакет ичига яширилган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, “Наманган аэропорти” чегара божхона пости ходимлари ДХХ Авиация хавфсизлигини таъминлаш ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда “Наманган–Деҳли” йўналишидаги рейс орқали Ҳиндистонга учмоқчи бўлган фуқаронинг юкларини текширган.
Божхона назорати жараёнида йўловчининг юкидаги майиз ва ёнғоқ аралашмаси солинган пакет ходимлар эътиборини тортган. Синчковлик билан текширилганда, пакет ичига 4 дона қўлбола усулда тайёрланган олтин қуймачаси ҳамда заргарлик буюмлари яширилгани аниқланган.
Ушбу буюмларнинг умумий оғирлиги 90,45 граммни, қиймати эса 108 миллион 540 минг сўмни ташкил этган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда 471 грамм ярим тайёр қуйма олтинни 450 миллион сўмга сотаётган икки нафар шахс тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси