Наманганда яширин дори цехи ташкил қилганлар қамалди

3-саҳифа

image

Наманган вилоятида ноқонуний дори ишлаб чиқарувчи цех ташкил қилган фуқаролар қамалди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 30 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фельдшери ўзининг яшаш хонадонидан Cobalt русумли автомашинада чиқиб кетаётган вақтида тўхтатилган.

Транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1000 дона “Зодак” дори воситаси борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, фельдшер ушбу дори воситаларини сотиш мақсадида Андижон вилоятига юбормоқчи бўлган. Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилган 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона  “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори препаратларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, пластик қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ва йўриқномалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс дори воситаларини тайёрлаш ва сақлаш учун ўзининг 1977 йилда туғилган опасини ҳамда 1974 йилда туғилган қариндошини жалб қилган.

Тадбир давомида унинг опасининг яшаш манзилидан ҳам 120 дона “Зодак”, 260 дона “Анаферон”, 96 дона “Хилак Форте” ва 313 дона номсиз флаконларга солинган сироп ҳолидаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов жараёнида тез ёрдам фельдшерини дори воситалари тайёрлашда керак бўладиган этикетка, флакон, қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ҳамда йўриқномалар билан Андижон шаҳрида яшовчи, 33 ёшли шахс таъминлаб турганлиги аниқланган.

Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бўлган Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати давомида  тез ёрдам фельдшеридан сотиб олинган, умумий қиймати 27 млн 646 минг 800 сўмлик 150 дона “Зодак” ва 146 дона “Хилак Форте” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тергов жараёнида қўлбола усулда тайёрланган дори воситаларининг олди-сотдисига Чортоқ туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган, тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасасининг талабаси ҳам алоқадор эканлиги маълум бўлди. Таъкидлаш лозимки, яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан мазкур шахслар Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фельдшери ҳамда уни хомашё билан таъминлаб турган Андижон шаҳрида яшовчи фуқарога 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 4 нафар шахснинг ҳар бири 2 йил муддатга озодликдан  маҳрум этилди.

Ашёвий далил сифатида олинган барча дори воситалари эса тегишли тартибда йўқ қилинди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент шаҳрида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қадоқлаб сотиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган  ва нарколаборатория ташкил қилган шахслар ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

дори цехи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар