Наманганда икки браконьер табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказди
3-саҳифа
−
13:33 266 1 дақиқа
Наманган вилоятида электр токли қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ овлаган икки нафар фуқаро аниқланди. Улар табиатга етказган зарар миқдори 1 миллиард 25 миллион сўм этиб баҳоланди. Бу ҳақда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Поп туманидаги “Яккатут” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарёда аниқланган. Экология бошқармаси тезкор гуруҳи ходимлари ўтказган рейд давомида Мингбулоқ туманида яшовчи А.У. ва Тўрақўрғон туманида яшовчи А.А. тақиқланган ов воситасидан фойдаланиб, балиқ тутгани маълум бўлган.
Улардан жами етти турга мансуб 31 дона балиқ аниқланган. Уларнинг саккизтаси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдори (шимбалиқ) экани тасдиқланган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Тўпланган материаллар ва ашёвий далиллар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Пешку туманида ноқонуний ов билан шуғулланган беш нафар фуқаро Экополиция ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, уларга қаршилик кўрсатгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси