Наманганда 152 марта тезликни ошириб, 410 млн жарима ёзилган Hyundai ҳайдовчиси аниқланди (видео)
Жамият
−
12 Апрель 2023
14110Наманган вилояти Наманган шаҳрида 152 марта тезликни ошириб, қоидабузарлик содир этган ва бунинг учун 410 миллион жарима ёзилган сохта рақамли Hyundai Sonata автомашина ҳайдовчиси аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 31 март куни соат 23:30 да Давлатобод тумани Ислом Каримов кўчасида Hyundai Sonata русумли автомашина йўл патруль хизмати инспекторлари томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчидан тегишли ҳужжатлар сўралган. Ҳайдовчи эса автомобиль унга тегишли эмаслигини айтиб, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган. Шундан сўнг автомобиль белгиланган тартибда жарима майдонига олиб кетилган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилганда транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси йўқлиги ҳамда машина рақами давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланган.
Чуст туманида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқарога тегишли бўлган ушбу машинада содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ўрганилганда, ҳайдовчи жорий йил 1 апрель ойига қадар жами 152 марта ҳаракат тезлигини оширгани ва ушбу қоидабузарликлари ортидан юзага келган жарима миқдори 410 миллион сўм миқдорга етгани маълум бўлган. Аммо машинанинг давлат рақам белгиси ҳақидаги маълумотлар тизимда мавжуд бўлмагани учун содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима солишнинг имкони бўлмаган. Ҳайдовчи Hyundai Sonata сохта рақамли машинасини исталган тезликда бошқариб, одамлар ҳаётига хавф солиб келган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан теговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Автомашина эса жарима майдонида сақланаётгани айтилган.
LiveБарчаси