Наманганда ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
21 Январь 4089 2 дақиқа
Наманган вилояти Поп тумани ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси 1000 АҚШ доллари пора олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳоким ёрдамчиси 1988 йилда туғилган фуқарога 49 йил муддатга деҳқон хўжалиги билан шуғулланиш учун ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини ўзининг мансабдор танишлари орқали хусусий мулк сифатида расмийлаштириб, унинг 6 сотих қисмида қурилган уй-жой учун тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлатиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Махсус ходимлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси олдиндан 1000 АҚШ долларини ўзининг таниши орқали олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда Давлат кадастрлари палатасининг Поп туман филиали ишчиси давлат захирасидаги 10 сотих ер майдони ва унда қурилган уй-жойни ўзининг мансабдор танишлари орқали шахсий мулк сифатида фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ва 4,8 млн сўм олган вақтида ходимлар томонидан ушланган.
Ҳозирда кадастр ишчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 80 дона телефонни ҳеч қандай текширув ва божхона тўловларисиз чегарадан ўтказиб юбориш эвазига 5000 АҚШ доллари талаб қилган божхона пости раҳбари ушланган эди.
Live
Барчаси