Надаль АО турнирида ғалаба қозониб, тарихий рекорд қайд этди
Спорт
−
31 Январь 2022
3356Кеча, 30 январь куни испаниялик теннисчи Рафаэль Надаль 2022 йилги “Australian open” турнирининг ҳал қилувчи баҳсида россиялик Даниил Медведевни 2:6, 6:7 (5:7), 6:4, 6:4, 7:5 ҳисобида мағлуб этиб, фаолияти давомида тарихда илк марта 21-бор “Катта Дубулға” туркумидаги мусобақа бош совринини қўлга киритди.
Финал 5 соат 28 дақиқа давом этди. Учрашув давомида Надаль сетлар бўйича 0:2 ҳисобида ортда қолаётган бўлса-да, якунда иродали ғалабага эришди.
Рафа турнирда ғалаба қозонганидан сўнг ўзини тарихдаги энг буюк теннисчи, деб ҳисобламалиги ҳақида айтиб ўтди.
“Йўқ, мен бу мавзу бўйича ўз нуқтайи назаримни ўзгартирмадим. Йигирма биринчи унвон алоҳида, мен бу мен учун нимани англатишини биламан, лекин умуман олганда, мен тарихда энг зўри бўлиш ёки бўлмаслимнинг аҳамияти йўқ. Бу унвонни қўлга киритганимдан хурсандман”, дейди Рафа.
Эслатиб ўтамиз, Надаль фаолияти давомида 21-марта “Катта Дубулға” турнирида ғалаба қозониб, рекорд ўрнатди ва швейцариялик Рожер Федерер ва сербиялик Новак Жоковични ортда қолдирди. Бунга қадар испаниялик ракетка устаси Австралия очиқ чемпионатида 5 марта финалгача етиб келган бўлса-да, фақат бир марта, 2009 йилда чемпион бўлган.
Бундан ташқари Рафа “Grand Slam” турнирларининг қолган учтасида ҳам камида икки мартадан ғалаба қозонгани сабабли иккинчи марта “Career Slam”ни тўплади. Ушбу натижага 2021 йилда “Ролан Гаррос”да иккинчи бор ғалаба қозонган Новак Жокович эришган эди.
Маълумот учун, Новак Жокович ўтган йили Австралия очиқ чемпионатида ғолиб чиққан. Финалда у Даниил Медведевни 7:5, 6:2, 6:2 ҳисобида мағлуб этган эди. Сербиялик теннисич виза можароси ва депортация туфайли жорий йилги мусобақада иштирок эта олмади.