Нью-йорклик эркак дрон технологиясини Россияга ўтказганини тан олди

Олам

image

Нью-йорклик Николай Григорьев Россия ҳарбий дронларида қўлланиладиган АҚШнинг икки томонлама электрон компонентларини ноқонуний равишда Россияга экспорт қилиш бўйича тил бириктирганликдаги айбига иқрор бўлди. 36 ёшли эркакнинг компанияси Россия Қуролли кучлари билан боғлиқ санкцияланган Россия компаниясига технология экспорт қилган. Бу ҳақда кеча, 30 апрель куни АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.

“Бугун ўз айбига иқрор бўлар экан, судланувчи Путиннинг Украинага қарши ноқонуний урушини қўллаб-қувватловчи Россия компанияларига 250 минг доллардан ортиқ қийматдаги АҚШнинг нозик учувчисиз қурилмалари технологиясини контрабанда қилиш учун тил бириктирганини тан олди”, дейди Бош прокурор ўринбосари Лиза Монако.

Унинг сўзларига кўра, кўп сонли сохта буюртмалар ва электрон ўтказмаларни ўрганган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида 11,5 мингдан ортиқ электрон компонентлар Россия Федерацияси ҳарбий-саноат мажмуасига етиб боришига йўл қўймаган. 

“Адлия вазирлиги Россиянинг Украинага қарши асоссиз тажовузини қўллаб-қувватлаш учун бизнинг санкцияларимиз ва экспорт назоратимизни эътиборсиз қолдирганларни – улар Нью-Йоркда ёки хорижда жойлашган бўлсин, жавобгарликка тортишда давом этади”, дейди Монако.

Яна икки айбланувчи – Никита Архипов ва Артем Оловянников озодликда қолмоқда. Тергов маълумотларига кўра, Григорьев Бруклиндаги Quality Life Cue LLC  (QLC) компанияси орқали техника экспорт қилган. Компания Григорьев ва Оловянников томонидан рўйхатга олинган ва назорат қилинган. Архипов QLC электрон почта ҳисобидан фойдаланган. Айбланувчилар ушбу компания орқали Россиядаги Украинага қарши уруш учун учувчисиз самолётларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун икки томонлама электрон компонентлар сотиб олган.

Ушбу ташкилотларнинг энг кўзга кўринганлари Россиянинг SMT-iLogic технология компанияси бўлиб, у 2023 йил май ойида Россия ҳарбий учувчисиз самолётларини ишлаб чиқариш бўйича етказиб бериш занжири иштирокчиси сифатида санкцияланган эди. Тергов маълумотларига кўра, 2021 йил 22 октябрдан 2022 йил 22 февралгача  SMT-iLogic’дан QLC ҳисобларига тахминан 272 830 АҚШ доллари миқдоридаги пул ўтказмалари келиб тушган. Электрон почта ёзишмаларида айбланувчилар АҚШ экспорт чекловларини четлаб ўтишга уринишларини, шу жумладан Қозоғистон каби учинчи мамлакатлардаги фронт компанияларидан фойдаланишни очиқ муҳокама қилган.

“Ўз айбига иқрор бўлганини инобатга олган ҳолда, Григорьев 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин”, дейилади баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Нью-Йорк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг