Нью-Йоркда кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтишга рухсат берилди
Олам
−
05 Ноябрь
1125АҚШнинг Нью-Йорк маъмурияти шаҳар аҳолисига кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтишга (jaywalking) расман рухсат берди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, қонун ўтган ой шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган ва Нью-Йорк мэри Эрик Адамс 30 кун давомида унга ҳеч қандай муносабат билдирмагани (имзоламагани ё вето қўймагани)дан кейин ўтган ҳафта охирида автоматик равишда кучга кирган.
“Келинг, реалист бўлайлик, ҳар бир Нью-Йорк фуқароси кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтади. Одамлар шунчаки ўзларига керакли жойга боришга ҳаракат қилмоқда”, дейди қонун лойиҳаси ташаббускори шаҳар кенгаши аъзоси Мерседес Нарcисс.
Янги қонун пиёдаларга йўлни исталган жойдан, жумладан, ўтиш жойлари атрофидан, шунингдек, қизил чироқда ҳам кесиб ўтишга рухсат беради. Шу билан бирга, пиёдалар йўлнинг ҳаракат қисмида устунликка эга эмаслиги ва улар бошқа транспорт воситаларини ўтказиб юбориши шартлиги белгилаб қўйилган.
Маълумот учун, 1958 йилдан бери Нью-Йоркда белгиланмаган жойдан ўтиш тақиқи амал қилади ва 250 долларгача жаримага сабаб бўлади. Бу қоидабузарликлар учун жаримага тортилган 463 кишининг 90 фоиздан ортиғи қора танли ёки лотин америкалик бўлган. Полиция, шунингдек, қоидабузарликдан аҳолини, айниқса, уларнинг тери рангига қараб тўхтатиш, сўроқ қилиш ва қидириш учун баҳона сифатида фойдаланган.
“Янги қонун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ирқий тафовутларга барҳам беради”, дейди Нарcисс.
Ташаббус нью-йорклик кам таъминланганларга бепул юридик хизматлар кўрсатувчи “Legal Aid Society” нотижорат ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. У қонунни қабул қилиш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлаган ва шаҳар кенгашини “жамоат хавфсизлиги мақсадларига хизмат қилмайдиган ва одамларни фақат жиноий-ҳуқуқий тизимга тортадиган эскирган қонунларни бекор қилишни давом эттиришга” чақирган.