Нью-Йорк суди Трампни фирибгарликда айбдор деб топди
Олам
−
17 Февраль
4652Нью-Йорк суди АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни Trump Organization активларини баҳолашда фирибгарлик қилганлик бўйича фуқаролик ишида айбдор деб топди ва унга тахминан 355 миллион доллар жарима тўлаш жаъзоси тайинланди. Бу ҳақда электрон суд маълумотлар базасида эълон қилинган судья Артур Энгорннинг қарорида маълум қилинди.
Суд қарори Трампга уч йилгача “Нью-Йорк штатида бирон бир корпорацияда ходим ёки директор сифатида хизмат қилиш”ни ҳам тақиқлайди. Шунингдек, АҚШнинг собиқ президентига уч йил давомида “Нью-Йорк штатида рўйхатдан ўтган ҳар қандай молия институтидан кредит олиш учун ариза бериш” тақиқланади.
Бундан ташқари, Трампнинг ўғиллари, кичик Дональд Трамп ва Эрик Трамп фирибгарлик, жумладан, молиявий ҳисоботлар ва бизнес ёзувларини сохталаштириш, шунингдек, тил бириктиришда айбдор деб топилди. Уларнинг ҳар бири 4 миллион доллар тўлаши керак бўлади. Улар икки йил давомида Нью-Йоркдаги бизнесни бошқара олмайди.
Трампнинг адвокати Алина Хабба собиқ президент қарор устидан шикоят қилишини билдирди.
Қайд этиш жоизки, суд прокуратура талабларини тўлиқ қаноатлантирмаган. Штат прокуратураси 370 миллион доллар товон пули ва Трампни кўчмас мулк бизнеси билан шуғулланишдан умрбод чеклашни сўраган эди.
Маълумот учун, Нью-Йорк прокуратураси 2022 йилнинг сентябрида Трамп ва унинг компаниясига қарши фуқаровий фирибгарлик бўйича судга мурожаат қилган. Нью-Йорк штати бош прокурорига кўра, компания кредитлар ва суғурталаш бўйича қулайроқ шартларни олиш мақсадида активлар қиймати ҳақида нотўғри маълумот берган. Прокурорларга кўра, активлар қиймати 2,23 миллиард долларга оширилиб, 3,6 миллиард долларга етган. Хусусан, Трампнинг Флоридадаги мулки, Манхэттендаги Trump Тоwеr осмонўпар биносидаги квартиралари, бир нечта офис бинолари ва гольф ўйнаш учун майдонлари нархи оширилган. Трампнинг ҳимояси бу айбловлар асоссиз эканини ва мулк нархи турли сабабларга кўра вақт ўтиши билан ўзгарган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
LiveБарчаси