Нью-Йорк муҳожирларга бардош беролмаяпти – Оқ уй
Олам
−
13 Сентябрь 2023
7794АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Нью-Йорк расмийлари кенг кўламли миграция инқирозига дош бера олмаяпти, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда америкалик расмийларга таяниб, NBC хабар берди.
Айтилишича, Ички ишлар вазирлиги август ойида 100 минг муҳожирни қабул қилган шаҳардаги вазиятни баҳолаш учун гуруҳ юборган. Якуний баҳолаш эълон қилинмаган, бироқ расмийга кўра, шаҳар ҳокимиятида миграция муаммосини ҳал қилиш стратегияси йўқ.
Нью-Йорк мэри Эрик Адамснинг фикрича, шаҳарнинг “кўчаларда ёки бошпаналарда ухлаётган” минглаб муҳожирлар билан шуғулланиши қийин кечади.
“Мен бунинг охирини кўрмаяпман. Бу муаммо Нью-Йоркни вайрон қилади”, дейди мэр.
Маълумот учун, ўтган йилнинг октябрь ойида Адамс шаҳарда ноқонуний муҳожирлар оқими кўплиги сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилган. Гап шундаки, 2022 йилда Техас, Аризона ва Флорида штатлари ҳукуматлари Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Қўшма Штатларга кирган хорижликларни оммавий равишда Вашингтон, Нью-Йорк ва бошқа йирик шаҳарларга автобус билан жўнатишни бошлаган. Жанубий штатлардан Нью-Йоркка ҳар куни ноқонуний муҳожирлар бўлган беш-олтита автобус ҳеч қандай мувофиқлаштиришсиз ва билдиришномасиз етиб келади. Бу ҳолат эса АҚШ Президенти Жо Байденнинг “юмшоқ” миграция сиёсатига қарши норозилик уйғотмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Эрик Адамс Мексика билан чегарадош Эль-Пасо шаҳрига борган ва Нью-Йоркда муҳожирлар учун жой йўқлигини эълон қилганди.
LiveБарчаси