Нью-Йорк миллиардерлари Мамданига қарши чиқди
Олам
−
02 Май 3711 2 дақиқа
Нью-Йоркнинг энг бой аҳолиси шаҳар мэри Зоҳран Мамданига қарши чиқди. Бунга сабаб – қиймати 5 миллион доллардан юқори бўлган иккинчи уй-жойларга янги солиқ жорий этиш ташаббуси бўлди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Мазкур солиқ миллиардер Кен Гриффинга тегишли ҳашаматли пентхаус билан боғлиқ ҳолат ортидан янада кескинлашди. Дастлаб мерия баёнотида харидор нотўғри кўрсатилган, кейин эса бу уй-жой Citadel LLC асосчиси Гриффин томонидан сотиб олингани аниқланган.
Янги солиқ ташаббуси Нью-Йорк штати губернатори Кети Хокул билан бирга илгари сурилган. Унинг мақсади – шаҳар бюджетини тўлдириш ва ижтимоий тенгсизликни камайтириш. Бироқ бу ғоя бойлар ҳамда Президент Дональд Трамп томонидан кескин танқид қилинган.
Нашрнинг ёзишича, ҳатто Демократларга яқин бўлган миллиардерлар ҳам Мамдани сиёсатидан норози. Уларнинг фикрича, муаммо фақат солиқда эмас, балки мэрнинг айрим тадбиркорларга нисбатан шахсий танқидларида ҳам.
Гриффиннинг компанияси – Citadel LLC Нью-Йоркдаги Парк-авенюда режалаштирилган йирик қурилиш лойиҳасидан воз кечиши мумкинлигини ҳам билдирилган. Ушбу лойиҳа 4,5 миллиард доллар даромад келтириши, 6200 та қурилиш иш ўрни ва 15 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратиши кутилаётган эди.
Ллойд Бланкфеин ва Кен Лангоне каби йирик бизнес вакиллари Гриффин тарафини олиб, унинг шаҳарга инвестиция ва иш ўринлари олиб кираётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, сўров натижаларига кўра, Зоҳран Мамдани аҳолининг кенг қатламлари орасида ҳануз машҳур: фаолиятининг илк 100 кунида 48 фоиз респондент унинг ишини маъқуллаган.
Маълумотларга кўра, янги солиқ орқали шаҳар бюджетига йилига тахминан 500 миллион доллар тушум киритиш режалаштирилмоқда. Маблағлар бепул автобуслар ва мактабгача таълим каби ижтимоий дастурларни кенгайтиришга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, Зоҳран Мамдани ўтган йил ноябрь ойида мэр этиб сайланган. У бу лавозимдаги илк мусулмон ва жанубий осиёлик келиб чиқишга эга сиёсатчи ҳисобланади ҳамда ўзини “демократик социалист” сифатида таърифлайди.
Live
Барчаси