Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэри сайланди

Олам

image

Демократлар партиясидан номзод Зоҳран Мамдани 4 ноябрь куни Нью-Йорк мэри сайловида ғалаба қозонди. Бу ҳақда АҚШ сайлов натижаларини онлайн тарзда эълон қилиб борадиган DDHQ портали маълум қилди.

У республикачи Кёртис Слива ва мустақил номзод сифатида қатнашган Нью-Йорк собиқ губернатори Эндрю Куомони ортда қолдирган.

Сайт маълумотига кўра, бюллетенларнинг 38 фоизи ҳисоблангач, Мамдани 49,7 фоиз овоз тўплаган. Мустақил номзод – собиқ губернатор Эндрю Куомо 41,6 фоиз, республикачи Кёртис Слива эса 8,1 фоиз овоз олган.

CNN телеканали эса Ўзбекистон вақти билан 07:30 ҳолатига кўра, 52 фоиз овозлар санаб бўлинганини хабар қилди. Шу натижаларга кўра, Мамдани 49,6 фоиз, Куомо 41,5 фоиз, Слива эса 8,1 фоиз овозга эга.

Ҳозирги кунда Нью-Йорк мэрининг вазифасини Эрик Адамс бажариб келмоқда. У аввал сайловга мустақил номзод сифатида қайта қатнашмоқчи бўлган, бироқ сентябрь ойида пойгадан чиқаётганини эълон қилган.

2024 йилнинг октябрида Мамдани ўз номзодини эълон қилганида, кўпчилик унинг ғалабасига ишонмаган эди. Бугун эса у АҚШ сиёсатида тез кўтарилаётган янги номга айланди, тарафдорлари сони эса ортиб бормоқда. 34 ёшли Мамдани Нью-Йорк тарихида мэр лавозимини эгаллаган биринчи мусулмон бўлди.

Зоҳран Мамдани Угандада, Ҳиндистондан келган оилада туғилган. Онаси – машҳур кино режиссёр Мира Наир, отаси – олим Маҳмуд Мамдани. У 5 ёшида оиласи билан Жанубий Африкага, икки йилдан кейин эса Нью-Йоркка кўчиб келган. АҚШ фуқаролигини 2018 йилда олган.

2020 йилда у Нью-Йорк штати Ассамблеясига сайланган. Дастлаб унинг мэрлик учун имкониятлари жуда кам деб баҳоланган бўлса-да, у партия ичидаги саралашда 56,4 фоиз овоз билан ғалаба қилди.

У узоқ йиллар кам таъминланган фуқароларга уй-жой масаласида ёрдам берган. Шу сабабли унинг сайловолди кампаниясидаги асосий мавзу – арзон уй-жой муаммоси бўлган.

Мамдани 2017 йилдан буён АҚШдаги энг йирик социалистик ташкилот – “Америка демократик социалистлари” аъзоси. У бойлар учун солиқларни ошириш, минимал иш ҳақини 2030 йилгача соатига 30 долларгача кўтариш, бепул мактабгача таълим ва автобусда бепул қатнов тизимини жорий қилиш тарафдори.

Мамдани чап қарашлари сабаб кўп танқид қилинади. Иқтисодчилар ва айрим бизнес вакиллари унинг режалари иш ўринларини камайтириши ва компанияларни шаҳардан кетишга мажбур қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Мамдани узоқ йиллардан бери Фаластин ҳуқуқларини қўллаб келади. Бу эса дунёдаги энг йирик яҳудий диаспораси яшайдиган шаҳарда баҳс-мунозарага сабаб бўлган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп очиқчасига Мамданини танқид қилиб келади. У ҳатто Мамдани ғалаба қозонган тақдирда Нью-Йоркка қўшимча федерал маблағ ажратмаслигини айтган. Трамп уни “коммунист, ақлдан озган” деб атаган. 

Экспертлар Трамп ва Мамдани ўртасидаги келажакдаги тўқнашувлар АҚШ сиёсатида янги можаро майдонига айланиши мумкинлигини айтмоқда.

Маълумот учун, Нью-Йоркда 8,5 миллион аҳоли яшайди, йилига 65 миллион сайёҳ ташриф буюради. Мэрия 116 миллиард долларлик буджетни бошқаради, мактаблар, полиция, жамоат транспорти ва бошқа кўплаб соҳалар шу ҳокимиятга бўйсунади. Шаҳар бутун дунё учун иқтисодий ва маданий марказ бўлгани сабаб, Нью-Йорк мэри нафақат ички, балки халқаро сиёсатнинг ҳам муҳим ўйинчиси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Мамдани бундан олдин агар Нью-Йорк мэри бўлиб сайланадиган бўлса, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳамда Россия Президенти Владимир Путинни қўлга олиш бўйича ордер чиқаришга ваъда берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Нью-Йорк Зоҳран Мамдани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг