Биродарликдан миллиард долларлик манфаатларгача: 200 дан ортиқ тадбиркор Тошкентда жамланди
Таҳлил
−
21:36 214 10 дақиқа
Қўлимдаги бу мўйнали жемпер Туркия моли. Ўтган 2025 йилда турк молларининг ишқибози бўлган ўзбекистонликлар ўртача 18 млн 600 минг долларлик шу каби Туркиядан келтирилган кийим-кечакларни сотиб олган. Яна Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизи турк сериалларининг шинавандаси. “Севги изтироби”, “Муҳташам юз йил”, “Кўсем”, “Чуқур”, “Ичкарида”, “Истанбуллик келин”, “Гуллар изтироби”, “Маликам, энди қара”, “Абдулҳамид” ва “Ҳовли” каби сериаллар охирги ўн йилда мухлислар талаби билан Ўзбекистонда қайта-қайта эфирга кетган.
Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги бу каби маданий, иқтисодий алоқалардан тортиб сиёсий муносабатларигача бир-бирини бу қадар эъзозлаш даражасига икки мамлакат бир кунда келиб қолган эмас. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда биринчи бўлиб тан олган давлат. Бироқ тарихий яқинлик, умумий тил ва маданиятга қарамай, икки мамлакат алоқалари мустақилликдан кейинги даврда мураккаб босқичларни ҳам бошдан кечирган. Айниқса, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Тошкент ва Анқара ўртасидаги сиёсий муносабатлар совуқлашиб қолган. 2016 йилдан кейин эса икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очилди.
Бугун бу ҳамкорлик фақат дипломатик учрашувлар ёки маданий алоқалар билан чекланмайди. Ўзбекистон ва Туркия савдо, инвестиция, қурилиш, энергетика, тўқимачилик, фармацевтика, транспорт, рақамли технологиялар ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳам шерикликни кенгайтирмоқда.
19 ноябрь куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этди. Унда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди. Шу куни ўтказилган бизнес-форум эса икки мамлакатдан 200 дан ортиқ ишбилармонни бирлаштирди.
Давлат раҳбари Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан эришилган келишув асосида ташкил этилган янги механизм икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигига қўшимча суръат бағишлашини таъкидлади.
Янги Тошкент, энергетика ва саноат: бизнес-форумда нималар муҳокама қилинди?
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари ва келгуси мақсадлар ҳақида гапирди. 2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти уч баробар ўсгани, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилингани қайд этилди.
2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш, ушбу тармоқда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш мақсад қилинган.
Тоғ-кон саноатида 2030 йилга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш ҳам кўзда тутилган.
Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.
Турк компанияларига тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва “яшил” энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди.
Электротехника саноатида 2030 йилга қадар экспортни 5 миллиард долларга етказиш ва 11,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Туркия компанияларига мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқариш бўйича ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Қишлоқ хўжалигида эса органик минерал ўғитлар ва агротехника ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш, боғдорчилик, сув тежовчи технологиялар ҳамда совиткич омборлари йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва йирик чакана савдо тармоқлари орқали етиштиришдан истеъмолчига етказиб беришгача бўлган ягона қиймат занжирини шакллантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Президент туркиялик инвесторларни Янги Тошкентнинг қурилиши ва мамлакатдаги йирик инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этишга чақирди. Турк компанияларига янги шаҳарда тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ҳамда тиббиёт муассасаларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, пулли автомобиль йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантириш транспорт соҳасидаги истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилди.
Фармацевтика соҳасида эса турк компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга имтиёзлар, зарур инфратузилма ва ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилмоқда. 2002 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Nobel Pharmsanoat” компанияси тажрибаси соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатилди.
Хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурлари ҳам турк инвесторлари учун янги имкониятлар очмоқда. 2026–2027 йилларда умумий қиймати 8,4 миллиард долларлик давлат активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларини савдога чиқариш режалаштирилган. Турк компаниялари билан Самарқанд автомобиль заводини хусусийлаштириш, Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш каби йирик ташаббуслар бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Рақамли технологиялар ва молиявий хизматлар ҳам иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди. Ўзбекистонда IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Турк компаниялари билан аутсорсинг, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажми ва белгиланган шартларга қараб, 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда. Тошкент вилоятида ташкил этилган 100 гектарлик “Ostim” саноат зонаси эса турк инвесторлари учун яратилаётган имкониятлардан бири сифатида қайд этилди.
Жавдат Йилмаз: “Бу рақамлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ”
Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлади.
Унинг айтишича, 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 7 фоиздан зиёд ўсган, жорий йилда эса бу кўрсаткич 8 фоиздан ошиши кутилмоқда. Йил якунига қадар иқтисодиёт ҳажми 200 миллиард долларга етиши, келгусида эса 300 миллиард долларлик маррани забт этиш режалаштирилган.
“Бу рақамлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширган ислоҳотлар ва яратган муҳит натижасидир”, деди Йилмаз.
Шунингдек, Туркия вице-президенти Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини “буюк асар” деб атаб, ушбу мажмуа учун бутун туркий ва ислом дунёси номидан Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, марказ нафақат ўтмишни англаш, балки келажак ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркиянинг тарихи ҳам, келажаги ҳам бир эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, сўнгги 10 йил ичида икки давлат ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик кўприги барпо этилган. Бугунги учрашувдан мақсад эса ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлашдир.
Ўзбекистон – Туркия муносабатлари қандай бошланган?
Ўзбекистон ва Туркия дипломатик муносабатлари 1992 йил 4 мартда ўрнатилган. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлат бўлиши икки мамлакат ўртасидаги тарихий яқинликнинг муҳим рамзига айланган.
2016 йилнинг 18 ноябрида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандда ўша вақтда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчиси бўлиб турган Шавкат Мирзиёев билан учрашган. 2017 йилнинг 25–26 октябрь кунлари Мирзиёев Туркияга давлат ташрифи билан борган. Бу Ўзбекистон Президентининг Туркияга 21 йил ичидаги илк ташрифи бўлган. Ташриф давомида икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича қўшма декларация имзоланган.
2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи эса муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқди. Айнан шу ташриф давомида Ўзбекистон – Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу механизм икки давлат раҳбарларига нафақат сиёсий масалаларни, балки савдо, инвестиция, саноат, транспорт ва бошқа соҳалардаги аниқ лойиҳаларни ҳам бевосита муҳокама қилиш имконини берди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми ўтказилаётган ўша даврада ўша даврдаги ўзгаришларни таърифлар экан, икки мамлакат ўртасидаги “музлар эриганини” таъкидлаган эди.
“Маълум муддат орага совуқчилик тушиб қолганди, оқибатда муносабатларимиз гўё “музлаб қолган” эди. Аммо бу музлар эриди ва энди улар бошқа ҳеч қачон музламайди”, деган Мирзиёев.
2022 йилнинг 29 мартида муносабатлар яна бир поғона юқорилади. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик ўрнатилди. Бу келишув Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған иштирокидаги музокаралар, яъни Ўзбекистон – Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунида эълон қилинган. Мазкур келишув энди фақат турклар ва ўзбеклар орасидаги тарихий, маданий ёки дипломатик яқинлик эмас, балки иқтисодий ва хавфсизлик манфаатлари ҳам уйғунлашаётганини англатарди.
Шундан сўнг 2023 йилнинг 8 ноябрь куни Эрдўған Тошкентдаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган ва Шавкат Мирзиёев билан учрашган. Ўшанда Туркиядан Ўзбекистонга 500 миллион доллардан ортиқ тўғридан тўғри инвестиция жалб қилингани ва 200 дан ортиқ янги корхона ташкил этилгани қайд этилган.
2024 йил 6 июнь куни эса Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи давомида ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича келишувларга эришилган. Бу ташриф анча муҳим ва аниқ натижалар билан якунланган. Анқара шаҳрида Ўзбекистон – Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтган. Ташриф давомида икки давлат ўртасида кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва 19 та ҳужжат имзоланган.
2026 йилнинг 29 январида Анқарада олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши ўтказилди. Яъни, икки давлат ўртасидаги мулоқот алоҳида ташрифлар билан чекланмай, мунтазам ишлайдиган институционал механизмга айланди.
Икки президент ўртасидаги шахсий мулоқот ва сиёсий ишонч ҳам бу жараённинг муҳим омили бўлиб келмоқда. Мирзиёев ва Эрдўғаннинг мунтазам учрашувлари, телефон мулоқотлари ва халқаро саммитлар доирасидаги маслаҳатлашувлари ҳукуматлар ва ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликка сиёсий таянч яратмоқда. Биринчи хонимларнинг расмий ташрифлар ва маданий-гуманитар тадбирлардаги иштироки ҳам давлатлараро алоқаларнинг юмшоқ дипломатия йўналишини тўлдиради.
Германиянинг Халқаро ва хавфсизлик масалалари институти (ГХХИ) таҳлилчиси Дарья Исаченко Туркиянинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини ўрганар экан, Анқара 1990 йиллардаги катта интеграцион режалардан анча прагматик ҳамкорлик моделига ўтганини таъкидлайди. Яъни бугун Туркия минтақага фақат умумий тил ва тарих орқали эмас, балки иқтисодий манфаат, инвестиция, транспорт ва хавфсизлик соҳаларидаги аниқ таклифлар билан кириб бормоқда.
Германиянинг Халқаро ва хавфсизлик масалалари институти таҳлилидаги яна бир муҳим хулоса шуки, Марказий Осиё давлатлари Туркия билан алоқаларни Россия ёки Хитой билан ҳамкорликнинг ўрнини босувчи восита сифатида эмас, балки ташқи сиёсат ва иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш имконияти сифатида кўради. Бу Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсатига ҳам мос келади.
Энди уларни фақат тарих эмас, манфаатлар ҳам боғлайди
Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари сўнгги ўн йилликда сезиларли ўзгаришларни бошдан кечирди. Бир пайтлар сиёсий келишмовчиликлар сабабли совуқлашган алоқалар бугун стратегик шериклик, мунтазам олий даражадаги мулоқот ва кенгайиб бораётган иқтисодий лойиҳалар билан тавсифланмоқда.
Бироқ ҳамкорликнинг кейинги босқичида фақат савдо ҳажмини оширишнинг ўзи етарли бўлмайди. Ўзбекистон учун асосий вазифа Туркиядан импортни кўпайтириш билангина чекланмасдан, ўз экспортини диверсификация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, технологияларни ўзлаштириш ва қўшма корхоналар орқали халқаро бозорларга чиқишдан иборат.
Туркия учун эса Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик бозор, ишлаб чиқариш майдони ва минтақавий логистика марказларидан бири сифатида аҳамият касб этади.
Шу маънода, 19 ноябрдаги бизнес-форум ва янги юқори даражадаги кенгашнинг ташкил этилиши шунчаки навбатдаги дипломатик тадбир эмас. Бу икки давлат ўртасидаги сиёсий яқинликни аниқ иқтисодий лойиҳалар, инвестициялар ва ишлаб чиқариш кооперациясига айлантиришга қаратилган навбатдаги қадамдир.
Live
Барчаси