“Қора шаҳзода” Туркияда: Эрдўған ва ибн Салмон нималарга аҳдлашди?
Олам
−
23 Июнь 2022
12063Кеча, 22 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ал-Сауд билан учрашди ва музокара ўтказди. Музокаралар якунида қабул қилинган қўшма баёнотда икки томонлама муносабатларда, хусусан, сиёсий, иқтисодий ва мудофаа саноатида янги давр очиш мақсади эътироф этилди.
Туркия Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабарида айтилишича, давлат етакчиларининг учрашувида Туркия Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг турли жиҳатлари, шунингдек, икки давлат ўртасидаги икки томонлама муносабатларда, жумладан, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий жиҳатлар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг янги даврини бошлаш муҳокама қилинган.
Баёнотда қайд этилишича, Эрдўған Саудия валиаҳди билан минтақавий ва халқаро майдонда долзарб бўлиб турган ҳамда ҳар икки томон ҳам катта аҳамият бераётган воқеалар юзасидан фикр алмашган.
Баёнотда томонларнинг энергетика соҳасида, хусусан, нефть ва нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, энергия самарадорлиги, электр энергияси, қайта тикланадиган энергия, инновациялар, углеводород ресурслари учун тоза технологиялар, кам углеродли ёқилғилар, жумладан водород, энергетика секторини маҳаллийлаштириш ва уларга тегишли занжирларни етказиб бериш ўз аксини топган.
Қўшма баёнотда, шунингдек, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва ақлли шаҳарлар соҳасида саноат ва сармоявий шерикликни ривожлантириш ва бу соҳаларда фаолият юритаётган хусусий сектор субектлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича консенсусга эришилгани алоҳида таъкидланган.
Томонлар БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси ва Париж келишуви тамойилларига риоя қилиш муҳимлигини, шунингдек, иқлим бўйича келишувни амалга ошириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлаган.
TÜBİTAK ва Эркин Абдулазиз фан ва технология шаҳри (KACST) ўртасида 2016 йилдаги протоколи доирасида KOSGEB ва Саудия Арабистони Кичик ва ўрта бизнес бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, олимлар ўртасида тажриба алмашишга қарор қилинди.
Икки давлат етакчилари ривожлантиришдан манфаатдор бўлган яна бир йўналиш мудофаа соҳаси бўлди. Қўшма баёнотда томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган ҳамда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни ўрнатишга ҳисса қўшадиган тарзда фаоллаштиришга келишиб олгани қайд этилди.
Ҳужжатда ҳуқуқ ва суд-ҳуқуқ соҳаларида экспертлар ўртасида тажриба алмашишни кенгайтириш бўйича келишувга эришилгани, икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувларга мувофиқ туризм ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилган.
Декларацияда томонлар фуқаро авиацияси миллий органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва авиакомпаниялар учун маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш муҳимлигини таъкидлагани белгилаб қўйилган. Учрашувда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд ҳамкорликни ривожлантириш, соғлиқни сақлашга сармоя киритиш соҳасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш бўйича ҳам келишувга эришилган.
Саудия томони Ар-Риёднинг EXPO 2030 кўргазмасига номзодини қўллаб-қувватлагани учун Туркияга миннатдорлик билдирган.
Шу билан бирга томонлар ҳамкорликни фаоллаштириш, минтақавий ва халқаро майдондаги муҳим масалалар бўйича қадамларни мувофиқлаштириш ва фикр алмашиш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни рағбатлантириш ва мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш борасида келишиб олган. Туркия ва Саудия минтақа давлатларининг суверенитети бузилмаслиги кераклигини таъкидлаб, юзага келаётган барча инқирозларга сиёсий ечим топиш, минтақани кескинликдан сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга келишди.
Томонлар минтақавий ва халқаро ташкилотлар, хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик ва самарали мувофиқлаштиришни ошириш, минтақада тинчлик, барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш борасида якдил фикр билдирди.
Баёнотда таъкидланишича, валиаҳд шаҳзода Президент Эрдўғаннинг меҳмондўстлиги ҳамда ташриф давомида унга ва делегациясига кўрсатилган яқинлик ҳамда эътибор учун миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида, Президент Эрдўған, COVID-19 эпидемияси сабаб юзага келган қийинчиликларга қарамай, 2021 йилда Ҳаж зиёратини ташкил этиш ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Муҳаммад бин Салмонга миннатдорлик билдирган ҳамда бу йил Ҳаж ва Умра зиёратлари қайта бошланганидан мамнунлигини урғулаган.
“Учрашув якунида томонлар минтақа келажагига хизмат қилиш, икки мамлакат ва халқларнинг умумий манфаатларини илгари суриш ҳамда барчага манфаат келтириш йўлида тарихий биродарлик асосида ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий қарор қилдилар”, дейилади баёнот якунида.
Қошиқчи иши
Ушбу ташриф сўнгги икки йил ичида тарихий ташриф бўлди. Боиси икки мамлакат ва билвосита давлат раҳбарларининг муносабати Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган “The Washington Post” газетаси журналисти Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида ўлдириб, жасади бўлаклаб йўқ қилинганидан кейин ёмонлашган эди. Қошиқчи 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини тан олган.
2021 йил февраль ойида АҚШ Миллий разведка бошқармаси 2018 йилда тайёрланган, аммо собиқ Президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан жамоатчиликка эълон қилинмаган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қатли бўйича ҳисоботни эълон қилди.
Ушбу ҳисоботда Қошиқчининг ўлдирилишини маъқуллаган шахс Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон экани кўрсатилган.
Қироллик Бош прокуратурасининг расмий вакили қотилликда айбланган саккиз кишининг беш нафарига 20 йил қамоқ жазоси тайинлангани, бир киши ўн ва яна икки нафар айбланувчи етти йилга қамалганини маълум қилди.
Расмий Анқара мазкур қотиллик бўйича судни Саудия Арабистонида эмас, балки Қошиқчи ўлдирилган Истанбулда ташкил этилиши тарафдори эканини маълум қилиб, Ар-Риёдни журналистнинг қотиллигига алоқадорларни экстрадиция қилишга чақирди.
2019 йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида ушбу иш бўйича беш судланувчи ўлимга ҳукм қилинган, яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Ушбу ишда жами 11 киши жалб этилган. 25 март куни Истанбул прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.
Жорий йилнинг апрель ойида Туркия Адлия вазирлиги журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича ишни Саудия Арабистонига ўтказишга қарор қилди.
Айтилишича, Саудия Арабистони дипломатик миссиясидаги шов-шувли қотилликка алоқадор ишда 26 киши иштирок этмоқда. Тергов доирасида Саудия Арабистонидан Қошиқчини ўлдириш учун келган 15 кишидан саккиз нафарининг шахси аниқланган.
LiveБарчаси