Мужтабосиз ўтган дафн маросими
Олам
−
07 июл 2880 5 дақиқа
Эроннинг ҳалок бўлган собиқ олий раҳбари, оятуллоҳ Али Хоманаийнинг уч ўғли отасини сўнгги манзилга кўз-ёшлар билан кузатмоқда. Бироқ улар орасида Хоманаийдан кейин олий раҳбарлик лавозимини эгаллаган ўғли Мужтабо Хоманаий йўқ. У раҳбарлик лавозимига тайинлангандан бери омма олдида кўриниш бермаган. “Мужтабо Хоманаий тирикми?” деган саволлари ҳали ҳам очиқ. Маълумотларга кўра, у отаси ўлдирилган ҳужумда оғир шикастланган. Видолашув маросими Хоманаий вафот этганидан қарийб беш ой ўтиб ташкил этилди. Теҳронда ўтказилаётган мотам маросимига 15 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрган. Эронликлар марҳум Али Хоманаий билан хайрлашув маросими пайтида “Америкага ўлим” тилади. Айримлар қўлида “Трампни ўлдиринг” ёзуви туширилган байроқ ҳам кўтарди. Эроннинг учинчи олий раҳбари бўлган Мужтабо Хоманаий ўз отасининг мотам маросимида қатнашмаётгани унинг тириклиги ҳақидаги кўплаб шубҳаларни келтириб чиқармоқда. Айрим сиёсий таҳлилчилар эса, буни олдиндан пухта режалаштирилган хавфсизлик чораси сифатида баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, Мужтабо Хоманаийнинг омма олдида кўринмаслиги – Исроил томонидан эҳтимолий суиқасд хавфи билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Эрон Хоманаий билан видолашмоқда
Эронда жорий йилнинг февраль ойида АҚШ ва Исроилнинг қўшма авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган мамлакатнинг собиқ олий раҳбари Али Хоманаийни сўнгги йўлга кузатиш маросимлари бошланди. Видолашув маросими у вафот этганидан қарийб беш ой ўтиб ташкил этилди. Дафн маросимини дастлаб март ойида ўтказиш режалаштирилган эди, бироқ уруш ҳаракатлари ва хавфсизлик билан боғлиқ мураккаб вазият туфайли у ортга сурилди. Теҳронда юз минглаб одамлар давлат байроғига ўралган тобут олдида мотам тутмоқда. Маросим иштирокчиларининг айримлари Исроил ва АҚШга қарши қасос олишга чақирувчи сўзлар айтган. Айримлар қўлига Хоманаийнинг сурати акс этган байроқларни кўтариб “қасос”, “Америкага ўлим” деб бақирган.
Маросим Теҳрондаги Гранд Мосалла мажмуасида ўтказилмоқда. Хоманаийнинг тобути ёнига ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган оила аъзоларининг тобутлари ҳам қўйилган. Шаҳар бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Маросим иштирокчилари металл детектор ва шахсий кўрикдан ўтказилган, атрофдаги кўчаларда қуролланган полиция навбатчилик қилмоқда. Кўнгиллилар эса ёзнинг иссиқ ҳавоси сабаб мотам тутувчиларга сув ва ичимликлар тарқатмоқда.
5 июль куни Теҳронда ўтказилган Хоманаийнинг жаноза маросимида унинг ўғиллари ҳам иштрок этган. Давлат телеканаллари тарқатган лавҳаларда Мустафо, Майсам ва Масъуд Хоманаий Теҳрондаги Имом Хумайний номидаги катта “Мусалла” мажмуасида қатор қўйилган тобутлар ортида дуо қилаётгани акс этган. Бироқ улар орасида Хоманаийнинг учинчи ўғли, мамлакатнинг олий раҳбари Мужтабо Хоманаий йўқ эди. У март ойида ушбу лавозимга тайинланганидан бери омма олдига чиқмаган. Маълумотларга кўра, 2026-йил 28-февралдаги ҳужум пайтида Мужтабо Хоманаий ҳам Теҳронда, отаси Али Хоманаий жойлашган қароргоҳ ҳудудида бўлган. Унинг рафиқаси, Заҳро Ҳаддод Одил ва Хоманаийнинг икки қизидан бири – Бушра Хоманаийнинг фарзанди, Олий лидернинг набираси Муҳаммадий Гулпайгони ҳам шу қароргоҳ ичида бўлган. Ракета зарбалари оқибатида уларнинг бирортаси ҳам тирик қолмаган. Норасмий маълумотларга кўра, Мужтабо Хоманаий ракеталар зарба беришидан бир неча дақиқа олдин бинодан чиқиб кетгани сабаб омон қолган. Аммо у оғир яраланган.
5 июль куни ўн минглаб мотам тутувчилар, жумладан ҳарбийлар, диний талабалар ҳамда оддий фуқаролар “Мусалла” мажмуасига келиб, Хоманаий ва унинг оиласи хотирасига эҳтиром билдирган. Улар АҚШ ва Исроилдан қасос олиш ҳақидаги шиорлар туширилган байроқларни кўтариб чиққан. Бошқалар эса Эроннинг биринчи олий раҳбари Руҳуллоҳ Хумайний номи билан аталган мажмуада жамоавий дуолар қилган.
Шунингдек, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ва парламент спикери Муҳаммад Бағир Ғолибоф ҳам тобутлар ортида жаноза намозида иштирок этган. Масъуд Хоманаий кўз ёшларини фаластинликлар билан ҳамжиҳатлик рамзи ҳисобланган куфия рўмоли билан артаётгани кўринган.
Қайд этилишича, марказий Теҳронга минглаб одамлар оқиб келмоқда. Уларнинг айримлари йиғлаган, бошқалари эса кўкрагига уриб аза тутган. Эрон метрополитенининг маълумотига кўра, 5 июль кечасидан 6 июль эрталабигача 7 миллион йўловчи ташилган.
Хоманаийнинг дафн маросимига кимлар келди?
Теҳронда бўлиб ўтган расмий маросимда Ўзбекистон номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация қатнашди. Улар Эрон собиқ олий раҳнамоси марҳум Али Хоманаий хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шунингдек, Туркманистон халқининг Миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам марҳумнинг дафн маросимида иштирок этган. Эрон Ички ишлар вазири ўринбосари ва мотам тадбирларини ташкил этиш бўйича штаб раҳбари Али Акбар Пуржамшидиён 30 дан ортиқ давлат ва 90 дан зиёд мамлакатнинг диний пешволари видолашув маросимларида қатнашишга тайёрлигини маълум қилган. Шу билан бирга, маросимда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этди. Хоманаийнинг видолашув маросимига келган ҳар бир хорижий делегацияга Қуръон оятларини ўқиб берилди.
Путиннинг махсус вакили Медведев ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация ҳам Эрон собиқ раҳбари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларида Эронни энг кўп қўллаб-қувватлаган Исроилдаги “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг оиласи ҳам мотам маросимида қатнашди. Видеоларда улар олий раҳнамо ҳаққига йиғлаб дуо қилгани кўринади.
Эрон давлат ОАВлар хабар беришича, эртага, 7 июль куни Теҳрон марказида катта мотам юриши ўтказилади. Шундан кейин, Хоманаийнинг жасади Қум шаҳрига олиб борилади ва 8 июль куни у ерда маросимлар давом этади. Жасад махсус транспорт воситасида қуруқлик орқали ташилади. Кейин у Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларидаги шиа зиёратгоҳларига олиб борилади. 10 июль куни эса Машҳад шаҳрида яна бир мотам маросими ўтказилиб, Хоманаий Имом Ризо мақбараси яқинига дафн этилади.
Live
Барчаси