Мужтабо Хоманаий яралангани тасдиқланди

Олам

image

Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий яраланган, бироқ унинг аҳволи яхши. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий Италиянинг “Corriere della Sera” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

“У яраланган, аммо аҳволи жойида. У ўзининг илк нутқи билан қачон чиқиш қилишини билмайман”, дейди Бағоий.

Шунингдек, у Олий раҳбарлик лавозимига “уч-тўрт номзод” даъвогарлик қилганини, бироқ Экспертлар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги Мужтабо Хоманаийни танлаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Мужтабо Хоманаийнинг яралангани ҳақида биринчи бўлиб 7 март куни Исроилнинг “12-канали” ўз манбаларига таяниб хабар берган эди. Телеканал маълумотига кўра, у 28 февраль куни – АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми бошланган биринчи кунда ҳаво зарбаси оқибатида жароҳат олган. Кейинчалик “The New York Times” нашри Хоманаий урушнинг биринчи кунида оёқларидан яралангани, шу сабабли у сайланганидан бери омма олдида кўриниш бермаётгани ва ҳеч қандай баёнот бермаётганини ёзди.

Эрон янги Олий раҳбар сайланганини 8 март куни эълон қилди. 56 ёшли Мужтабо Хоманаий – 28 февраль куни Исроил-Америка ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Али Хоманаийнинг иккинчи ўғлидир.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Мужтабо Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг