Мусулмонлар Янги йилни нишонлаши мумкинми? Абдулазиз Мансур мурожаат билан чиқди
Бу қизиқ
−
17 Декабрь 2019
58849Ҳар йили Наврўз ва Янги йил байрамлари арафасида ушбу байрамларни мусулмонларнинг нишонлаши мумкин эмаслиги, бошқа динлардаги кунларни байрам қилгудек бўлса, кофирлар қаторидан ўрин олиши ҳақидаги гаплар ижтимоий тармоқларда кун тартибига чиқади.
Ҳадемай 2020 йилни қаршилаймиз. Бу кун яқинлашгани сари, яна Янги йилни нишонлаш билан боғлиқ турли муносабатлар тарқалмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур мурожаат билан чиқди. У шундай дейди:
“Кейинги йилларда интернет саҳифалари, турли портал ва ижтимоий тармоқларда милодий Янги йил кунини байрамона кутиб олиш, ушбу муносабат билан бир-бирини табриклаб, эзгу тилаклар билдириш каби одатлар ислом дини таълимотига зид ва куфр деган иддаоларни тарқатиш авж олиб бормоқда. Шуларни эътиборга олиб, бу каби низоли масалага бақадри имкон ойдинлик киритиш ва унга холисона ёндашиб, ўз фикримизни баён қилишга қарор қилдик.
Айтиш жоизки, милодий сананинг ҳижрий санадан олти аср олдинроқ жорий қилингани, шунингдек, Исо ибн Марям алайҳиссалом Аллоҳнинг қудрати ва мўъжизаси туфайли отасиз туғилгани, у чақалоқлигидаёқ гапириб, ўзини Аллоҳнинг ўғли эмас, балки Унинг бир бандаси эканини, илоҳий китоб асосида Бани Исроил қавмига набий сифатида юборилгани ва бошқа башоратларни гапириб берганини биз Қуръони карим оятлари орқали биламиз. Шунинг учун ҳам биз мусулмонлар Исо алайҳиссаломнинг барча пайғамбарлар қатори Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари сифатида эътироф этамиз ва бунга имон келтирамиз.
Лекин Аллоҳнинг бу имтиҳонидан ҳамма ҳам бирдек муваффақиятли ўтолмаётир. Афсуски, одамлар ичида “Исо – Аллоҳнинг ўғли” деб эътиқод қиладиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Биз – мусулмонлар бундай ботил ақидага қўшилмаймиз, албатта. Биз “Бақара” сурасининг 285-оятида айтилганидек, бирортасини ажратмасдан барча пайғамбарларга бирдек имон келтирамиз. Исо алайҳиссалом уларнинг бири эканини эса, ҳар бир мусулмон жуда яхши билади.
Милодий Янги йил ва уни нишонлаш диний шиорлар, яъни намоз, закот, рўза, ҳаж, умра, икки ҳайит ва бошқа маросимларнинг вақтини белгилаш ҳамда уларга амал қилишда ҳижрий тақвимдан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди. Бунга эътироз билдирувчилар “христианлар ёки бошқа ғайридинлар байрамларининг мусулмонлар томонидан нишонланиши шаръий китобларда тақиқланган-ку, мусулмонлар уларга тақлид қилишдан қайтарилган-ку, улар ҳам, мусулмонлар ҳам Янги йилни нишонласалар, уларга ўхшаган бўлиб қолмаймизми?”, деган хавотирларига қуйидагича жавоб берамиз.
Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг фатво китобларида мусулмон ўзини ғайридинларга дин ва эътиқодда ўхшатиши ҳаром экани таъкидланган. Шунингдек, кийимига хоч ёки бошқа ботил ақидаларнинг рамзий белгиларини осиб юриш мусулмонларга ножоиздир. Аммо кийиладиган, бутун башар умум суратда қабул қилинган оддий либос, зеб-зийнат, уй-жой каби эътиқодга дахл қилмайдиган нарсаларда ўхшашлик юзага келган тақдирда бунга рухсат берилади.
Худди шунингдек, агар милодий Янги йил Худонинг ўғли Исо туғилган кун деб нишонланса, бу ислом ақидасига мутлақо тўғри келмайди. Бироқ, “интернет шайх”лари томонидан бот-бот таъкидланадиган “милодий Янги йилни насронийлар Исонинг туғилган куни сифатида нишонлайди”, деган фикр ҳам илмий асосга эга эмас.
Аммо мусулмонлар томонидан 1 январь кунини милодий сананинг янгиланиши сифатида Исо алайҳиссаломнинг таваллуд куни ёки бошқа этиқодларга боғламаган ҳолда нишонланишининг шаръан зарари йўқ. Мана масалан, Ўзбекистон мусулмонлари ҳам 1 январь арафасида бир-бирини табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этади. Бугунги дунёда яшаётган миллионлаб мусулмонларга ҳам бу одат бўлиб қолган. Ана шундай бир шароитда милодий Янги йилни нишонласа, христианларга ўхшаб қолади, деб шунча мусулмонни кофирга чиқариш мантиққа тўғри келадими?! Бундай қатъий ҳукм чиқаришдан аввал ислом ақидасини яхшироқ ўрганиш лозим. Мусулмонларни кофирга чиқариш учун уларнинг ҳақиқий эътиқодини аниқлаб, кейин ҳукм чиқариш керак.
Зеро, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, “Барча амаллар ниятга қараб баҳоланади”. Одамларни куфрда айблаётган кишилар шуни билсинларки, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни кофирга чиқариш қанчалик хатарли эканини таъкидлаб: “Ким ўз биродарини кофир деса, қаралади, агар ўша иккинчи шахс ҳақиқатан кофир бўлса, рост гапирган бўлади. Борди-ю агар у кофир бўлмаса, кофирлик айбловчининг ўзига қайтади”, деб айтганлар.
Маълумки, Ўзбекистон маърифат ва тараққиёт йўлидан бормоқда. Бинобарин, мамлакатимизда диний байрамлар билан бир қаторда дунёвий моҳиятга эга бир қанча байрамларни ҳам нишонлаш одатга айланган. Рўза ва Қурбон ҳайитлари муносабати билан давлатимиз раҳбарининг табриклари эълон қилиниши, ҳайит намозлари ва байрамларини намунали ўтказиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётгани, Ҳаж ва Умра зиёратларининг тартибли ташкил этилаётгани, масжидларимизнинг сони мунтазам ошиб бораётгани, диний адабиётларнинг катта ададларда нашр этилаётгани натижасида эътиқодли халқимизнинг имон ва ихлоси янада мустаҳкамланиб бораётгани учун Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду сано ва шукроналар қилишимиз лозим.
Жонажон диёримизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тараққий этаётганини ҳавас қилиш ўрнига, тирноқ остидан кир қидираётган ҳасадгўй кимсаларга Аллоҳнинг ўзи инсоф берсин. Юртимизда давом этаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик, ободончилик ва маънавий баркамоллик сари қилинаётган саъй-ҳаракатларга Аллоҳ таолонинг Ўзи файзу баракотларини нозил қилсин!”.
LiveБарчаси