Муродов MPL'га номдор спортчиларни жалб қилмоқчи
Спорт
−
07 Август 2023
3208Кеча, 6 август куни Тошкент шаҳрида ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Муродов журналист ва мухлисларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.
Маълумки, Муродов охирги жангида америкалик тажрибали Брайан Барберенани мағлуб этди. Барберенага қарши жангга тайёргарлик кўриш мақсадида анча муддат Ўзбекистонда бўлмаган спортчи энди эътиборини Муродов профессионал лигасининг (MPL) ташкилий ишларига қаратишини айтиб ўтди.
Шунингдек, Муродовнинг мураббийи Жасур Алижонов MPL'нинг 8-турнири сентябрь ойида ўтказилиши режа қилинаётганини таъкидлади.
“MPL 8 катта масштабда ўтказилади. MPL 10'ни эса “Ҳумо арена”да ўтказишни режалаштиряпмиз. MPL 10'га Марказий Осиё ва Европанинг номдор спортчиларини жалб қилишни ўйлаганмиз. Ҳозирча бошқа лигалар билан ҳамкорликда турнир ўтказиш ниятимиз йўқ”, дейди Алижонов.
Тадбирда ўзбекистонлик собиқ UFC жангчиси Саидёқуб Қаҳрамонов ҳам MPL билан шартнома имзолагани маълум бўлди.
“Қаҳрамонов бизнинг лига билан шартнома имзолади. Ҳозир у билан MPL'нинг қайси турнирида жанг қилиши бўйича музокара кетмоқда”, деб қўшимча қилди Алижонов.
Йиғилганлар Муродовнинг UFC'даги кейинги жанги бўйича режалари билан ҳам танишди.
“Рақибни менга UFC белгилаб беради. Кейинги жангимнинг қачон ўтказилиши менинг жисмоний ҳолатимга боғлиқ. Вазиятга қараймиз, балки ноябрь ёки декабрь ойида жанг қиларман”, дейди Муродов.
LiveБарчаси