Мурод Муҳаммад-Дўст: “Мавзу мағзавага айланса, моҳият кўпик тагида йўқолиши муқаррар”
Жамият
−
07 Май 2019
7369Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом бериш тўғрисидаги мурожаатнома жамоатчилик орасида муҳокама қилинаётган энг долзарб масала бўлиб турибди. Мазкур масала юзасидан вазир, шоир, адабиётшунослар ўз муносабатини билдиряпти. Тилнинг давлат учун аҳамиятини ўзбекистонликларга етказишга ҳаракат қиляпти.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси, ёзувчи, публицист Мурод Муҳаммад-Дўст ўзбек тилининг ҳозирги аҳволи ҳамда рус тилига расмий мақом берилиши тўғрисидаги мурожаатнома ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини маълум қилди.
“Рус тилига юксак мақом сўраган юртдошларимиз ўзлари билмаган ва мутлақо истамаган ҳолда хайрли бир иш қилдиларки, миллат келажагини ўйлаган одамлар ўзаро бирлашиб, баралла сас бердилар ва бу сас жамиятнинг барча қатламларига бориб етди.
Ирсиян фаол бўла туриб, икки кун тугал тепадан “ваҳий” кутиб азоб чеккан сўзамол “суворий”ларимиз ҳам ниҳоят гурзию гаронини кўтариб майдонга чиқди. Энди кўрасизки, газету интернетда, радиёлу телевизорда миллий тил ҳимоясига бел боғлаган шоввозларнинг кимўзар ўйини бошланади. Ғайрат отига қамчи босаётган пойгачиларга қараб туриб, нима қилишингни ҳам билмайсан: кулиб йиғлаш керакми ёинки – йиғлаб кулиш?..
Машҳур хатга имзо чеккан ёки оғзаки рағбат кўрсатган кишиларни тавбасига таянтириш, эл аро сазойи қилиш шарт эмас. Биз уларнинг кимлигини яхши биламиз, армонларини ҳам тушунамиз. Улардан бошпуртларини тортиб олиб, ўзларини юртдан бадарға қилишни талаб қилаётган ғазабнок ватандошларимизни ҳам яхши тушунамиз, тушуниш асносида азбаройи ўтиниб сўраймизки, босиқроқ ва кенгроқ бўлайлик, биродарлар, имзокашларга пишанг берган кучлар биздан айни шу жавобни кутиб, “Дод! Русийзабонлар ҳуқуқлари топталмоқда!”, дея айюҳаннос солишга шай турган бўлиши ҳам мумкин”, дейди Мурод Муҳаммад-Дўст.
Ёзувчи бу билан бундай ташвиқотлар икки давлат, икки халқ ўртасида изчил ривожланиб келаётган муносабатларга соя солиш мақсадида қасддан уюштирилишига ишора қилаётган кўринади.
Ўзбек ва рус халқи доим дўстона, яхши ва изчил алоқада бўлиб келяпти. Табиийки, бу ҳол кўплаб ташқи ва ички кучларга ёқмаслиги мумкин. Улар ўз эътирозларини тўғридан-тўғри айтишга ботинолмай, халқ орасига ҳозиргидек ташвиқот “уруғи”ни сепиб, ўз мақсадига эришиш пайига тушади.
Ташвиқотлар атрофидаги муҳокамалар бир, икки, уч кун, боринки, бир ой давом этар, кейин эса унутилади. Лекин халқаро муносабатларда бу каби кичик воқеалар ҳам катта оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Умуман, тил масаласини улоқ қилиб чопишга ҳожат йўқ. Мавзу мағзавага айланса, моҳият кўпик тагида йўқолиши муқаррар.
Миллий тилимизнинг аянчли аҳволини халқ ҳам, хукумат ҳам жуда яхши билади. Одамлар турли минбарлардан янграган ва бугун интернет ва турли ток-шоуларда янада баландроқ авжларда янграётган ашъорбозликка, даъвату шиорларга тўйиб бўлди, ортиқ ишонмайди.
“Қуруқ қошиқ оғиз йиртади”, деган ҳикмат бор.
Сенат ғаладонида димиқиб ётган жўяли таклифларнинг чангини қоқиб, зудлик билан янги ислоҳдаги лотин алифбосига ўтиш ва уни барча жабҳаларда жорий этиш фурсати етди.
Ўттиз йилдирки кучга кирмаган тил ҳақидаги пажмурда қонунни қайта тирилтириб, янги, кенгайтирилган таҳрирда парламент тасдиғидан ўтказиш ва унинг барча жабҳаларда сўзсиз амал қилишини таъминлаш фурсати етди.
Мамлакат раҳбариятида шунга яраша сиёсий ирода топилади, деб ишонгимиз келади”, дейди ёзувчи Мурод Муҳаммад-Дўст.
Ҳа, Мурод Муҳаммад-Дўстнинг ёзганлари аччиқ бўлса-да ҳақиқат. 30 йилдан бери мутлақ равишда давлат тилига айлана олмаётган ўзбек тилини ягона давлат тили сифатида шакллантириш керак. Шундагина, жамият орасида ҳозиргидек мунозарага сабаб бўлувчи ташвиқотларнинг келажакда такрорланишининг олди олинади.
LiveБарчаси