Мурод Хонтўраев вафотидан олдин дўкондан спиртли ичимлик олганмиди? Сотувчи билан суҳбат
3-саҳифа
−
21 Июль 2021
49440Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 июль куни Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, вафот этди.
“Осиё айиғи”нинг вафотидан кейин ижтимоий тармоқларда кўплаб миш-мишлар тарқатилди. Ана шундай бўҳтонлардан бири унинг шу куни спиртли ичимлик истеъмол қилгани, халқ тилида “бочка” деб аталувчи – Бўстонлиқ тумани жойлашган дўконлардан биридан спиртли ичимликлар харид қилгани, уларнинг пулини бермай кетгани ва дўкончига тўппонча тирагани ҳақидаги гаплар эди. Орадан кўп ўтмай, ушбу аудиоёзувни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган йигит Хонтўраевнинг яқинлари ва халқдан узр сўраб, бу воқеага ўзи гувоҳ бўлмагани, кўзи билан кўрмагани, танишидан эшитганини айтиб чиқди.
Бу орада Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов ҳам вазиятга янада аниқлик киритиш мақсадида Бўстонлиқ туманида жойлашган дўкон сотувчиси билан мулоқот қилди. Тўлагановнинг шахсий саҳифасида эълон қилинган видеосуҳбатда дўкон сотувчиси ижтимоий тармоқларда тарқатилган гап-сўзлар ёлғон эканини айтган.
Дўкончининг қайд этишича, Мурод Хонтўраев BMW X5 русумли автомобилида 19 июль куни соат 10:30 атрофида дўкон олдига келиб тўхтаган. Хонтўраев автомобилдан тушмай, ташқарига чиққан сотувчидан газланмаган сув ва сақич олиб чиқишини сўраган.
“Интернетда тарқатилаётган гаплар ёлғон. Мен бу гапларни тарқатган болага чора кўришингизни сўрайман”.
Аҳамиятлиси шундаки, сотувчининг айтганларини ушбу дўкон тепасига ўрнатилган кузатув камералари ҳам тасдиқлаб беради.
Эслатиб ўтамиз, ЙТҲ 19 июль куни соат 11:30 ларда Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида содир бўлган. Бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Lacetti ҳамда BMW X5 русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида BMW X5 русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.
Оқибатда BMW X5 русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси