Мулозаматлар авжида! Умурзоқов Лавров билан учрашди
Олам
−
30 Март 2022
19602Бугун, 30 март куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Хитойда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Telegram –каналида маълум қилди.
Томонлар эртага, 31 март куни Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг учинчи конференциясида иштирок этиш учун Хитойда бўлиб турибди.
Россия ташқи идораси раҳбари Москва ва Тошкент ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталган.
“Сиз Ўзбекистон фаровонлиги ва иттифоқчилик стратегик муносабатларимизни ривожлантириш йўлида қанчалик фаол ишлаётганингизни биламиз ва бугун Хитойда, мана шу гўзал вилоятда соатларни синхронлаштириш, келишувлар қандай бажарилаётгани, Президентларимизнинг қарорлари қандай амалга оширилаётганини кўриш учун жуда яхши имконият бор”, дейди Лавров.
Унинг қайд этишича, Тунси (Хитой)даги учрашувда вазирлар икки томонлама муносабатлар ва минтақавий форматлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилиш имконига эга.
Умурзоқовнинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги “бутунлай бошқа тус олган”. Вазир бунда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ўрни борлигини таъкидлаган.
“Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги, айниқса, сўнгги беш йил ичида бутунлай бошқача тус олди ва бу, албатта, кўп жиҳатдан бир-бирига катта ҳурмат ва тушуниш билан қарайдиган давлатларимиз раҳбарларининг хизматларидир”, деган у.
Ҳозиргача Ўзбекистон Ҳукумати портали ҳам, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳам ушбу учрашув хусусида хабар бермаган.
LiveБарчаси