Мукофот $14 минг: Японияда ухлаш бўйича мусобақа ўтказилади
Бу қизиқ
−
20:16 590 2 дақиқа
Матраслари билан танилган Koala Japan компанияси Японияда ухлаш бўйича танлов ташкил этмоқда. Бу ҳақда “Tokyo Weekender” хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир жорий йилнинг 5 октябрь куни Токиода бўлиб ўтади. Иштирокчилар 90 дақиқа давомида Koala матрасида ухлаши керак, ташкилотчилар эса махсус ускуналар ёрдамида уларнинг уйқу сифатини баҳолайди. Улар уйқунинг чуқурлиги, ухлаб қолиш тезлиги ва ҳолатнинг барқарорлигини ўлчайди. Ушбу маълумотлар асосида ғолиб аниқланади.
Баҳснинг бош мукофоти – 2,22 миллион иена (жорий курс бўйича тахминан 14 300 – 14 400 АҚШ доллари). Бу рақам тасодифан танланмаган: у оммавий маданиятда уйқуни англатувчи “Zzz” овозини эслатади. Шунингдек, танловда қўшимча номинациялар ҳам кўзда тутилган: энг чуқур уйқу учун ва дам олиш пайтидаги энг ноодатий ёки ҳатто “акробатик” ҳолат учун.
Ҳар бир “босқич” олдидан иштирокчилар чигал ёзиш машқларини бажаради ва дам олиш сифатига таъсир қилиши мумкин бўлган тасодифий буюмларни олади. Бундан ташқари, мусобақа пайтида кутилмаган “уйқу бузилишлари” ташкил этилади. Бироқ ташкилотчилар уларни сир сақламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия шимолидаги Ньергешуйфалу шаҳридаги жамоат қабристонида қабр қазиш бўйича ўзига хос мусобақа ўтказилган эди. Унда 38 нафар иштирокчи – 19 та икки кишилик жамоа қатнашган. Жамоалар қабристонларни сақлаш ва дафн хизматлари соҳасида ишловчи мутахассислардан ташкил топган.
Live
Барчаси