Мўғулистон Президенти Ўзбекистонга келади
Олам
−
10 Май
6094Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 7 май куни Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон ва Мўғулистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтган. Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов ва Мўғулистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Амартувшин Гомбосурен бошчилик қилди.
“Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштиришга, шунингдек, Мўғулистон Президентининг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифига алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Мўғулистон томони Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва қонунчилик соҳасини такомиллаштириш, миллий иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаган.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд салмоқли салоҳиятни рўёбга чиқаришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланган.
“Маданий-гуманитар ва туристик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди”, дейилади ТИВ баёнотида.
Маълумот учун, Ухнаагийн Хурэлсух 2021 йилнинг июнь ойидан бери Мўғулистон Президенти саналади. У 2022 йилнинг сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирларида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келган ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Мўғулистон Президентлари ўтган йилнинг 1 декабрь куни БААда учрашган.
LiveБарчаси