Мўғулистон Президенти Ўзбекистонга келяпти
Жамият
−
21 Июнь
6325Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йилнинг 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.
Келтирилишича, кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, логистика ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари ўрин олган. Саммит якунлари бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Мўғулистон Президенти Хива шаҳрига ҳам ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси билан танишади.
Маълумот учун, Ухнаагийн Хурэлсух 2022 йилнинг сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида қатнашиш учун Самарқанд шаҳрига келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мўғулистон Президенти Ўзбекистонга келиши ҳақида хабар берилганди.