Мудофаа вазирлиги портлаш бўлган ҳарбий қисмдаги ўқ-дориларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди
Жамият
−
22 Октябрь 2022
24956Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм омборида содир бўлган якка тартибда портлаш бўйича ҳарбий мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда мудофаа идораси Матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг дастлабки маълумотларига кўра, аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ҳамда оғир жароҳат олганлар йўқ. Портлаш оқибатида ҳарбий қисм атрофдаги айрим маҳаллалардаги енгил конструкциялар, ойналарга шикаст етган.
Айни вақтда мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда, ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
“Таъкидлаш керакки, ҳарбий қисмдаги ўқ-дори захираси хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, Давлат стандартларига мос равишда, замонавий махсус омборларда сақланмоқда. Уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 октябрь куни Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги ҳарбий қисм омборида портлаш юз берди. ССВга кўра, ҳодисада 16 киши жабрланган.