Мудофаа вазири Президентга ҳисобот берди
Жамият
−
26 Февраль
21753Бугун, 26 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновнинг қўйилган вазифалар бажарилиши ва қўшинларнинг жанговар шайлигини ва қобилиятини ошириш, уларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш, сержантлар корпусининг фаолиятини такомиллаштириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисоботи тингланди.
Қайд этилишича, қисқа вақт ичида қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш ва ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
“Қўшинлар фаолиятини рақамлаштириш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшинларни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимларини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда алоқа тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Қуролли кучлар тузилмасини такомиллаштириш, миллий армияни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий-техник воситалар билан таъминлаш ҳамда мудофаа саноати комплексини ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.
Якунда Шавкат Мирзиёев томонидан Қуролли кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси