Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди
Жамият
−
13 Январь
14885Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли кучларни ривожлантириш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг натижаларини таҳлил қилган.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу йўналишдаги фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланган.
Ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армияни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланган.
“Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, дейди Президент.
Шу муносабат билан давлат раҳбари ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини қайта кўриб чиқиш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берган. Навқирон авлод вакилларининг республикадаги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини ошириш, улар ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратиш муҳимлигига эътибор қаратган.
Ҳозирги кунда Қуролли кучларнинг замонавий инфратузилмаси негизида ва мономарказларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар йўлга қўйилган. Давлат раҳбари бу йўналишдаги тадбирларни кенгайтириб, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятини бошлаши учун субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этган.
Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Мажлисда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қўшинларнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Олий Бош Қўмондон жанговар тайёргарлик тизимини инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳарбий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берган.
Йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилган.
Бу борада Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Миллий армияда ва халқ ўртасида киберхавфсизлик борасидаги огоҳликни ва рақамли маданиятни ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш юзасидан энг муҳим вазифалар белгилаб олинган.
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакат мудофаа саноати мажмуасини янада ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогноз ва мониторинг қилиш, авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳам долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилган.
LiveБарчаси