Мубашшир Аҳмаднинг соғлиғи бўйича расмий ахборот берилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) Навоийдаги Жазони ижро этиш колониясида саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларга қарамай, оғир шароитда сақланаётгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу хабарлар фонида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Маълум қилинишича, ташриф давомида ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум A.T. (Мубашшир Аҳмад)нинг соғлиғи ва сақланиш шароити ўрганилган. 

Мониторинг давомида маҳкумлар билан, шу жумладан маҳкум A.T. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбат ўтказилган ва унинг соғлиғига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилган. 

A.T. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини, мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётгани, фақат аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини қайд этган.

Шунингдек, маҳкум муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилгани (ошхона ишлари билан шуғулланади) ҳамда қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари, ортиқча меҳнат қилмаётгани, иш шароити меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ эканини айтиб ўтган. 

Турсунов озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмаган. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади.

Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмаган. 

Маълумот учун, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ушбу муассасага 2025 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида ҳам маҳкум A.T. томонидан мурожаатлар тушмаган.

Маълумот учун, 2025 йилнинг 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ҳукми билан Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ QALAMPIR.UZʼга Турсуновнинг соғлиғи яхши эмаслиги, қандли диабет касаллигининг II-тури билан анча йиллардан буён азият чекиб келаётгани, ушбу шахсни қамоқда сақлаб бўлмаслиги юзасидан илтимосномалар киритилган бўлса-да, эҳтиёт чораси ва жазо тайинлаш масаласида ушбу ҳолатлар инобатга олинмаганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мубашшир Аҳмад Azon Global Алишер Турсунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг