Мубашшир Аҳмад ҳибсга олинди
Олам
−
12 Май 21169 2 дақиқа
Жорий йилнинг 8 май куни “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) Истанбулнинг Баҳчешеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилди. Бу ҳақда “Azon Global” портали хабар берди.
Маълум қилинишича, Алишер Турсунов ҳибсга олинган куннинг ўзида адвокатлари иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилган. Ўша куни адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Алишер Турсунов Истанбулдаги Депортация марказига ўтказилиши, эртасига эса у ердан озод қилиниши керак бўлган.
“Аммо орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси домланинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаяпти”, дейилади хабарда.
Порталнинг қўшимча қилишича, Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган.
“Ҳозиргача ҳатто адвокатлари ҳам домладан бирор хабар ололмаётганидан, ақалли қаерда сақланаётганини ҳам билолмаётганидан оиласи ва яқинлари асосли равишда хавотирга тушишмоқда. Боиси устоз Мубашшир Аҳмад узоқ йиллардан бери қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекиб келади ҳамда мунтазам равишда инсулин ва бошқа дорилар қабул қилишга мажбур”, дейилади “Azon Global”да.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мубашшир Аҳмадга нисбатан қидирув эълон қилинганди. Аввал бошида Алишер Аҳмадович Турсунов Жиноят кодексининг 2442- (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилгани ҳақида маълум қилинганди, аммо кейин шахсга қидирув эълон қилинганлиги ҳақидаги ахборот Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бош марказига киритиш жараёнида Жиноят кодексининг 2442--моддаси сифатида ёзилган бўлиб, техник хатога йўл қўйилгани аниқланганди. Аслида эса унга нисбатан Жиноят кодексининг 2443-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Live
Барчаси