Муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун қўшимча 185 млрд сўм ажратилади

Жамият

image

2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда бугун, 13 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. 

Билдирилишича, камбағал оиладаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож. 

“Ижтимоий дафтарлар” маблағи фақат камбағал оилаларни яшаш шароитини яхшилаш, тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини оширишга сарфланади. Адолат бўлиши учун, эндиликда бу маблағлар тумандаги камбағаллар сонига қараб тақсимланади.

Ижтимоий дафтарлар маблағининг 30 фоизини туман ҳокимларига “Инсон" марказлари билан маҳалладаги уй-жой, йўл, сув ва электрни яхшилаш учун ишлатишга рухсат берилади.

Яна бир масала – ҳозирда 400 та кўп қаватли ижтимоий уйда 25 минг аҳоли истиқомат қилади. Лекин улар яқин қариндошлари ва одатий яшаш шароитидан анча узоқлашиб қолаётгани таъкидланди. 

Шу муносабат билан эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилади. Уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилади, харажати қоплаб берилади.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори Мансурбек Оллоёровга бу борада тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага 2025 йилда камбағаллик юқори 1 мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш топширилди. Янги йилдан оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади.

Бундан ташқари, мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади. Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. 

Олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнгратбай Шариповга бу борада тегишли топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ушбу мажлисда Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамовга ногиронлиги борлар учун қулай шароит яратиш борасида ўзгариш қилмаганларга қатъий чора кўриш топширилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

жарроҳлик амалиёти Камбағал оилалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг