МСК раиси “Эрк” ва “Бирлик” ҳаракатга киришса, нима бўлишини айтди (видео)
Интервью
−
22 Декабрь 2019
18107Ўзбекистонда бирор партиянинг ўзини мухолиф деб эълон қилиши учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов QALAMPIR.UZ журналистига берган интервьюсида маълум қилди.
Суннатилла Абдуллаев, мухбир: — Ўзбекистонда мавжуд 5 партиядан бири кейинчалик ўзини мухолиф деб эълон қилиш имкониятлари қандай?
Мирзо Улуғбек Абдусаломов, МСК раиси: — Ҳеч қандай чегараланиш йўқ. Шу 5 та партиядан биттаси мухолифат бўлиши мумкин. Ҳозирда “парламент мухолифати” деган тушунчамиз бор, бу Қонунда ҳам белгиланган. Лекин ҳаётий, партиялараро парламентдан ташқари мухолифат бўладиган бўлса, унга тайёргарлик кўриш керак. Биринчидан, Сиёсий партиялар тўғрисидаги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритишимиз керак. Сиёсий мухолифатга шароит яратиб беришимиз керак. Қандай шароит? Унга тазйиқ ўтказмаслик, уни ҳимоя қилиш масалалари бўйича Қонунда нормаларни белгилаб беришим керак. Шунда ўйлашимча, ҳақиқий мухолифат пайдо бўлади. Бу кун тартибида “пишиб” келаётган масала.
Мана, масалан, сиёсий партиядан бири ХДП ўзини мухолиф деб эълон қилса, бошқа партиялар блокларга бирлашса бўлади. ХДП обрўли партиялардан. Шахсий фикрим, агар у ўзини мухолифат деб эълон қилса, катта силжиш қилиш мумкин. Бунда сиёсий партиянинг дастурини ҳам қайтадан кўриб чиқиш, қатъий ўзгаришлар белгилаш лозим бўлади.
Ҳамма партиялар ҳам ўз олдига президентлик республикаси тўғрисида тушунча ёки унга эришиш учун вазифаларни қўйган. Биронтаси бошқа тушунча пайдо қилолса, парламент республикаси деган тушунча дунёда бор. Бу ҳам келажакда бўлиши мумкин. Ҳеч қандай тўсиқ йўқ.
15 йилдан бери МСК раисиман. Мен ҳали сиёсий партиялар, Ҳукумат тўғрисида сайлов жараёни вақтида танқидий материалларнинг эълон қилинганини эслай олмайман. Фақат мақтов, қарсакбозлик бўлган эди.
Мана энди ҳақиқий демократиянинг асослари яратиляпти. Лекин ҳали демократиягача анча машаққатли йўл бор. Фақат гапда қилиб, уни амалиётга олиб келолмасак... Амалиётда демократия қилишимиз керак. Демократия ҳам мавҳумроқ тушунча. Кўп давлатларда демократия дейишади. Демократиянинг қандай чизиқлари, чегаралари бор, бу ҳақда ҳали кўп ўйлаш керак. Биз учун демократиянинг энг яхши кўриниши халқимиз эркин, озод бўлиши, фикрини айта олиши, халқимизнинг фаровонлиги ошиши.
Мана ҳозир савол беришди: “Сиёсий партия пайдо бўлса, у рўйхатдан ўтадими?” Албатта ўтади. Ҳеч қандай чегара йўқ. Илгари бўлгандир. Чет элдан “бизни партия қатнашмади” дейишяпти. У партия ўзи борми? Бир вақтлар “Эрк”, “Бирлик” деган ташкилотлар пайдо бўлган. Балки, келишиб, рўйхатдан ўтиб янгидан ҳаракатга киришса, бошқа сиёсий партия ва оқимлар пайдо бўлиши мумкин.
LiveБарчаси