МРБ раҳбари ҳам Исроилга борди
Олам
−
15 Февраль
4361АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс Исроилга етиб борди. Бёрнс у ерда мамлакат Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Исроил разведка хизмати “Моссад” раҳбари Давид Барнеа билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Бу ҳақда Kan радиоси хабар бермоқда.
Айтилишича, Исроил ҳарбий Вазирлар маҳкамаси бугун, 15 февраль куни кечқурун Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилади.
Қайд этиш жоизки, кеча,14 февраль куни Исроилнинг “Walla” портали манбаларига таяниб, Нетаньяху Исроил делегациясини ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш учун кейинги маслаҳатлашувларда иштирок этиш учун Қоҳирага юбормасликка қарор қилганини хабар қилган. Унга кўра, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув бўйича муваффақиятга эришиш мақсадида мисрликлар ва қатарликлар кейинги музокаралар ўтказишни таклиф қилган, бироқ Нетаньяху ҲАМАС ўз позициясини ўзгартиришга рози бўлмагунча, улардан ҳеч қандай маъно йўқлигини айтган. Жумладан, гап ҳаракат томонидан Исроил қамоқларидан озод этилиши талаб қилинаётган фаластинлик маҳбуслар сони ҳақида бормоқда.
Маълумот учун, 13 февраль куни Қоҳирада Миср, АҚШ, Қатар ва Исроил вакиллари ўртасида маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Музокараларда Ғазо секторидаги можаро томонлари ўртасида ҲАМАС қўлидаги гаровга олинганларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар билан алмашиш бўйича мумкин бўлган келишув, шунингдек, анклавда ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди. Биринчи босқичда Бёрнс, Барнеа, шунингдек, Қатар Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ва Миср Бош разведка бошқармаси раҳбари Аббос Камол маслаҳатлашувларга жалб қилинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) директори Кристофер Рэй ҳам Исроилга кутилмаган ташриф билан борганди.