Можароли кубок финали: Бош ҳакам саволларга жавоб берди (видео)

Спорт

image

Бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясида мамлакат кубоги финал учрашувидаги ҳакамларнинг баҳсли қарорлари юзасидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) раҳбари Маъмур Саидқосимов ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда финалда ишлаган ҳакамлар бригадаси бош ҳаками Наим Қосимов ва ёрдамчилари Зуфар Элибоев ҳамда Фарҳод Усмонов Қашқадарёда бўлгани сабабли онлайн тарзда қатнашди. VAR ҳаками Аскер Нажафалиев эса бевосита учрашувда иштирок этди. Муҳокамада “Бобур Арена”да ўтган “Пахтакор” – “Бухоро” учрашувидаги учта баҳсли ҳолат бўйича ҳакамларнинг қарорлари таҳлил қилинди.

Аввало, биринчи бўлим якунига яқин пайтда “Пахтакор” фойдасига баҳсли пенальти вазият кўриб чиқилди.

“Фламарион йиқилган ҳолатда “Пахтакор” футболчиси оёғини “Бухоро” ўйинчисига қарата узатган. “Бухоро” футболчиси тўпга ўйнаган ва бу вазиятда пенальти белгиланмаслиги тўғри бўлган”, дейди Маъмур Саидқосимов.

Унинг сўзларига кўра, “Пахтакор” футболчисига нисбатан алоқадорлик (контакт) бўлган, бироқ “Бухоро” ўйинчиси биринчи бўлиб тўпга тегингани учун пенальти белгиланмаган. Агар у тўпга тегмаганида, бу эпизод пенальти сифатида баҳоланиши мумкин эди. Бу ерда “Пахтакор футболчисининг асосий мақсади пенальти ишлаш бўлган деб ҳисобланди.

Кейинги вазият доирасида 75-дақиқада “Пахтакор” футболчиси Ресан Башар рақибга нисбатан қўпол ҳаракат қилган. VAR аралашувидан сўнг бош ҳакам Наим Қосимов эпизодни қайта кўриб чиқди, аммо ўз қарорини ўзгартирмай, футболчига сариқ карточка кўрсатиш билан чекланган.

“Ресанга нега қизил эмас, сариқ бердим? Контакт тўпиқ қисмига бўлди. “Пахтакор” футболчиси тўпга улгурмади ва рақибнинг тўпиғини бутсанинг таги билан босиб олди. Аммо бу эҳтиётсизлик натижасида содир бўлган қўполлик эди, шунинг учун сариқ карточка кўрсатдим”, дейди Наим Қосимов.

Бироқ VAR ҳаками Аскер Нажафалиев бу қарорга қўшилмаган.

“Менинг фикримча, Ресаннинг ҳаракати қизил карточкага лойиқ эди. Бу борада бош ҳакам билан фикримиз фарқ қилди,” дейди Нажафалиев.

Маъмур Саидқосимовнинг сўзларига кўра, марказда 7 нафар эксперт ҳакам фаолият юритади ва улар баҳсли эпизодлар бўйича овоз беришади. Уларнинг фикрича ҳам, Қосимов ушбу эпизодда “Пахтакор” футболчисига қизил карточка кўрсатиши керак эди. Бироқ бош ҳакам ўз қарорини ўзгартирмаган.

Қосимов, шунингдек, финалдан икки кун олдин Термиздаги учрашувда ишлагани ва бу ҳолат финалга таъсир кўрсатган-кўрсатмагани ҳақидаги саволларга жавоб берди.

“Финалга тайинланганимни аввалроқ билгандим. Термиздаги ўйин финалга таъсир қилмади. Мен ҳар иккала жамоани ўрганганман, тайёргарликда муаммо бўлмаган”,  дейди у.

Учинчи баҳсли вазият “Бухоро” жамоасининг ҳисобга олинмаган голи билан боғлиқ бўлди.

“Бухоро”нинг голи бекор қилинган вазиятда 93-рақамли футболчи Марко Колакович ўйиндан ташқари ҳолатда эди ва у “Пахтакор”нинг 55-рақамли футболчиси Муҳаммадрасул Абдумажидов билан тўп учун курашга киришди. Қоидаларга кўра, бу – офсайд ҳолати”, дейди VAR ҳаками Аскер Нажафалиев бу ҳақда.

Бош ҳакам Наим Қосимов ҳам вазиятни изоҳлаган.

“Колакович ўйиндан ташқари ҳолатда туриб рақиб футболчисига халақит бергани учун голни бекор қилдим. Ундан кейинги эпизодда ҳам Тома Табатадзе ўйиндан ташқари ҳолатда турган ҳолда тўп учун курашди ва “Пахтакор” ҳимоячиларининг ҳаракатига тўсқинлик қилди. Шу сабабли ҳам ушбу ҳолат кўриб чиқилди”,  дейди у.

Эксперт ҳакамлар ҳам ушбу эпизодда “Бухоро”нинг голи ҳақли равишда инобатга олинмаганини тасдиқлади.

Маъмур Саидқосимовнинг маълум қилишича, финал учрашувида қизил карточка бермагани учун бош ҳакам Наим Қосимовга экспертлар томонидан 7,9 балл баҳо қўйилган. Шунингдек, учрашувдаги хатоси сабабли унинг гонораридан 25 фоиз миқдорида жарима ушлаб қолинади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўйинда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Ҳожимат Эркиновнинг ягона голи эвазига ғалаба қозониб, 14-марта мамлакат кубогини қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Аскер Нажафалиев ЎзФҲМ “Бобур Арена” Наим Қосимов “Пахтакор” – “Бухоро”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг