Москвадаги мактабда ўсмир пичоқбозлик уюштирди. Қурбон бор (видео)
Олам
−
16 Декабрь 4301 3 дақиқа
Бугун, 16 декабрь куни Россиянинг Москва вилоятидаги мактаблардан бирида 9-синф ўқувчиси бошқа ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида тожик миллатига мансуб ўқувчи ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда REN TV хабар берди.
Телеканалга кўра, воқеа Одинцово шаҳри яқинидаги Горки-2 посёлкасида жойлашган Успенская мактабида содир бўлган. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, мактабга бир нечта тез ёрдам машиналари етиб борган.
Гувоҳларнинг РИА Новостига айтишича, мактабдаги барча ўқувчилар эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўсмир пичоқ билан қўриқчи ва бир нафар ўқувчига зарба берган. Бола олган жароҳати оқибатида вафот этган.
SHOT Telegram-канали ҳужум қилган ўсмир ўқувчилардан бири билан синфхонага беркиниб олганини ёзди. Гаровга олинган бола жабрланмаган. Умуман олганда, бир нафар бола ҳалок бўлгани ва уч киши жароҳат олгани айтилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, махсус кучлар ҳужумчини штурм орқали қўлга олган. Дастлабки тахминларга кўра, у шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлган. Интернетда уни полиция машинасига олиб кетилаётган пайтдаги кадрлар тарқалди – у уст кийимсиз бўлган.
Россия Тергов қўмитаси Москва вилоятида мактабда юз берган ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
“Бугун эрталаб Одинцово шаҳар округига қарашли Горки-2 посёлкасидаги таълим муассасаларидан бирида вояга етмаган шахс қўриқчи ва бир нафар ўқувчига пичоқ билан зарба берган. Олинган жароҳат оқибатида бола вафот этган”, дейилади Тергов қўмитаси баёнотида.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда воқеа жойидан гувоҳлар томонидан тасвирга олинган видеокадрлар ҳам эълон қилинди.
“Baza”га кўра, пичоқ билан ҳужум уюштирган 15 ёшли Тимофей К.нинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.

Селфилардан бирида у жилет кийган ва “коловрат” белгиси билан тасвирланган. Бу эса Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги масжидларда оммавий қотиллик содир этган Брентон Таррантга ишора сифатида талқин қилинмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ягона қурбон – тожик миллатига мансуб Қобилжон исмли 4-синф ўқувчиси. Ҳужумчининг футболкасида “No Lives Matter” (“Ҳеч кимнинг ҳаёти муҳим эмас”) деган ёзув бўлган. Шу ном билан аталадиган, зўравонлик, терроризм ва инсониятни йўқ қилиш ғояларини тарғиб қилувчи экстремистик ташкилот ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Владимир вилоятида 54 ёшли ўзбекистонлик мигрант таниши томонидан шафқатсизларча ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси