Москвада ядровий бункер қурувчиси қўлга олинди

Олам

image

Ядровий зарбадан ҳимояловчи иншоотларни ишлаб чиқишда иштирок этган Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар бўйича Бутунроссия илмий тадқиқот институтининг ҳимоя тадбирларини такомиллаштириш илмий маркази раҳбари Николай Посохов ҳамда институт раҳбари ўринбосари Игорь Сосунов Москвада қўлга олинди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Нашрга кўра, улар жуда катта миқдорда пора олишда (Жиноят кодексининг 290-моддаси 6-қисми) айбланмоқда. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов доирасида Посохов уй қамоғига юборилиши, Сосунов эса қамоққа олиниши мумкин.

РБК манбаларига кўра, Россия Тергов қўмитасининг Бош тергов бошқармаси айбланувчиларга нисбатан эҳтиёт чораси танлаш ҳақида Москванинг Замоскворецкий туман судига илтимосномалар киритган. Пора олиш моддаси бўйича уларга 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солмоқда.

“Россия ФВВси ҳар қандай ноқонуний фаолиятни, жумладан, коррупцияга қарши курашни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Бу ФВВ раҳбари Александр Куренковнинг принципиал позициясидир”, дейди ФВВ расмийлари.

Маълумот учун, Россия ФВВ таркибидаги Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар муаммолари бўйича Бутунроссия илмий тадқиқот институти фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида илмий ишланмалар билан шуғулланади. Хусусан, институт техник воситалар ва технологияларни ишлаб чиқиш, алоқа ва аҳолини огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, фуқаро муҳофазаси, радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя йўналишлари бўйича фаолият юритади.


Мақола муаллифи

Теглар

ядровий бункер Николай Посохов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг