Москвада теракт қурбонлари 60 нафардан ошди
Олам
−
23 Март
8113Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл”да содир этилган теракт оқибатида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси маълум қилди.
“Аввалроқ теракт оқибатида 60 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани аниқланган. Афсуски, қурбонлар сони ортиши мумкин”, дея маълум қилган департамент.
Қайд этилишича, Россия Тергов қўмитасининг терговчилари, криминологлари ва экспертлари Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати тезкор бўлинмалари билан биргаликда воқеа жойида тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда.
“Ўлганларнинг жасадлари кўздан кечирилмоқда. Воқеа жойидан ашёвий далиллар, жумладан, қурол ва ўқ-дорилар мусодара қилинмоқда, барча зарурий экспертиза тайинланган ва ҳозирданоқ ўтказилмоқда, жумладан генетик, баллистик ва бармоқ излари”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, терговчилар видеокузатув камералари тасвирларини олиб, ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Баъзи маълумотларга кўра, камида уч киши бўлган қуролланган шахслар ўт очган.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди.
Ҳозирда терактдан кейин шифохоналарда 110 нафар катталар ва 5 нафар бола ётибди, 60 нафар катталарнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.