Монополияга қарши курашиш қўмитаси импорт бензин учун акциз солиғини оширишга қарши чиқди
Жамият
−
27 Май 2020
4702Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш юзасидан билдирилган таклиф кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу масала юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз муносабатини билдиради.
Маълумки, нефть маҳсулотлари учун акциз солиғи деярли барча давлатларда қўлланилади.
“Акциз солиғи – бу мамлакат ичида ишлаб чиқариладиган ва импортдан келтириладиган, одатда аниқ рўйхатини белгилаган ҳолда, товарларга нисбатан тўланиладиган билвосита солиқ ҳисобланади.
Халқаро тажрибада ривожланган мамлакатларда акциз солиғи давлат бюджети учун даромад манбаи сифати кўрилади. Бунда, акциз солиғи товарнинг маҳаллий ёки импортдан келтирилганлигидан қатъий назар ягона ставкада белгиланади.
Шу билан бирга, акциз солиғини ҳар хил даражада белгилаш тажрибаси Белоруссия ва Қозоғистонда кузатилди. Бунда, истеъмолчилар учун нархни ошишига йўл қўймаслик ва аксинча арзонлаштириш, ёки тадбиркорлик субъектларига тенг шароит яратиш нуқтаи назардан амалга оширилган. Масалан, Белоруссияда 28 февралдан 31 декабрга қадар маҳаллий бензин ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган бензинни реализация қилганда, акциз солиғи тўловчиларига 0,25 коэффициент миқдорида имтиёз қўлланилиши белгиланган. Яъни, истеъмолчилар манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт бензиннинг акцизини кўтармасдан, балки маҳаллий бензин учун акциз солиғига имтиёз қўлланилган.
Шунингдек, Қозоғистонда бозорда бензин дефицитини олдини олиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бензин нархини арзон ушлаш мақсадида аввал импорт бензин учун акциз солиғи маҳаллий бензинга нисбатан деярли уч баравар кам бўлган. Лекин, 2018 йилдан бошлаб бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш мақсадида акциз миқдори тенглаштирилди. 2020 йилга қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг нефтни қайта ишлаш корхоналарида бир қатор имтиёз ва преференциялар қўлланиб келинган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарори билан берилган шарт-шароитлар шунинг жумласидандир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш бўйича тадбиркорлик субъектларга тенг шароитлар яратилди. Монопол корхона ҳисобланган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари 2020 йилнинг май ойидан нархни шакллантириш бўйича қўлланиб келинган чекловлардан озод этилди. Эндиликда нархлар биржа савдоларида талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллана бошлади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан импорт нефть маҳсулотларининг акциз солиғини оширилиши бўйича Энергетика вазирлигига киритилган таклиф етарлича иқтисодий асослантирилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси соғлом рақобат муҳитининг таъминланиши ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда акциз солиғини оширилиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди”, дейилади қўмита баёнотида.
Таъкидланишича, маҳсулотни импортига акциз солиғини белгилаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши лозим. Кенгаш мазкур масалани кўриб чиққан тақдирда, Қўмита юқоридаги позицияси билан иштирок этади ва ҳимоя қилади.