Моди олтин сотиб олмасликка ва бензинни тежашга чақирди
Олам
−
11 Май 2057 2 дақиқа
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди фуқароларни бир йил давомида зарур бўлмаган олтин харидларидан воз кечишга, ёнилғини тежашга ва маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўпроқ танлашга чақирди. У буни Ҳайдаробод шаҳрида оммавий митингдаги чиқиш нутқида айтди.
Модининг айтишича, жаҳон иқтисодиёти ҳозир беқарор даврни бошдан кечирмоқда. Турли давлатлар таъминотдаги узилишлар, нархларнинг ўсиши ва халқаро можаролар оқибатларига дуч келмоқда. Шу шароитда Ҳиндистон ортиқча харажатларни қисқартириб, ички иқтисодиётни мустаҳкамлаши керак.
Моди ортиқча олтин харид қилишдан воз кечиш мамлакатдан хорижий валюта чиқиб кетишини камайтиришга ёрдам беришини таъкидлаган. Шунингдек, у аҳолини бензин ва дизел ёнилғисини тежаб ишлатишга чақирган.
Бош вазир метро ва жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланиш, карпулингни ривожлантириш ҳамда электромобилларга фаолроқ ўтишни ҳам таклиф қилган. Юк ташиш соҳасида эса, унинг фикрича, темир йўл транспортига устувор аҳамият бериш лозим. У COVID-19 пандемияси даври тажрибасини ҳам эслаб, ёнилғи сарфини камайтириш учун масофавий иш, онлайн-конференциялар ва виртуал учрашувлардан янада кенгроқ фойдаланиш кераклигини таклиф қилган.
Ҳиндистон ҳукумати раҳбари фуқароларга имкони бўлса, ортиқча хориж сафарлари ва чет элда дам олишдан воз кечиб, мамлакат ичида саёҳат қилишни маслаҳат берган. У аҳолини Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган пойабзал, сумка ва бошқа кундалик маҳсулотларни сотиб олишга ҳам чақирган. Модининг таъкидлашича, бу янги иш ўринлари яратиш ва импортга қарамликни камайтиришга ёрдам беради.
Бош вазир овқатланиш мавзусига ҳам тўхталиб, ўсимлик ёғини истеъмол қилишни қисқартиришни тавсия қилган. Унинг фикрича, бу ҳам иқтисодиёт, ҳам аҳоли саломатлиги учун фойдали бўлади.
Моди қишлоқ хўжалиги вакилларига ҳам мурожаат қилган. У фермерларга кимёвий ўғитлардан фойдаланишни 50 фоизга камайтириш ва табиий деҳқончиликка фаолроқ ўтишни таклифини билдирган. Шунингдек, Бош вазир суғоришда ишлатиладиган дизель насосларини қуёш энергиясида ишлайдиган тизимларга алмаштиришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳон бозорларида нефть нархи кескин пасайгани ва акциялар қиймати ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси